Нима учундир маълум бир вақт ўтгач албатта бахтли бўладигандек туюламиз. Фақат бунинг учун бирор нимани харид қилиш, нимагадир эришиш керак бўлади. Бахтли бўлишни ўрганиш кераклиги эса кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. Бахт - оддий лаҳзаларда эканини англаб етиш учун кўп нарсаларни тушуниш керак бўлади.
Психолог Соня Любомирски Marc&Angel нашридаги мақоласида бахт мавзусига мурожаат қилиб, кузатувлари давомида аниқлаган бахтли кишиларга хос бўлган 12 жиҳат ҳақида маълум қилди. Айни дамда қандай ҳаётий даврда бўлишимиздан қатъи назар, бу "бахт одатлари"ни доим амалда қўллаш мумкин.
1. Миннатдорчилик билдиринг
Ўзингизда бор нарсалар учун миннатдорлик ҳисси янада чуқур ҳисга - бахтга айланади. Бунинг учун ҳатто ҳеч қандай харидларга ҳожат ҳам йўқ. Бу жуда ажойиб ва асосийси, натижа беради. Ҳаётда бизга инъом этилган нарсалар учун миннатдор бўлмасак, ўзимизни бахтли ҳис қилишимиз амри маҳол.

2. Оптимизмни ривожлантиринг
Бундай одамлар ҳар қандай вазиятда ижобий кайфиятни сақлаб қолишга қодир. Муваффақиятсизликни ўсиш ва ҳаётдан сабоқ олиш учун имконият сифатида қабул қилиш жуда муҳим. Ижобий фикрловчи кишилар дунёга тенгсиз имкониятларга тўла майдонга қарагандек қарашади, айниқса оғир дамларда.
3. Юзаки фикрлаш ва ижтимоий таққослашни четлаб ўтинг
Инсон ўзини бировга таққослаши яхши эмас. Агар биз бошқа бировдан "яхшироқ" бўлсак, бу бизга носоғлом устунлик ҳиссини беради. Бизнинг "эго"миз ҳаддидан ошади - бу эса яхшиликка олиб келмайди. Агар "ёмонроқ" бўлсак, бажарган барча оғир ишларимиз кўзимизга балодек кўриниб, йиллар давомида кузатилаётган ривожланишни рад этамиз. Ижтимоий таққослаш табиатан носоғлом муҳитни юзага келтиради. Ўзингизни таққослашингиз мумкин бўлган ягона одам кечаги ўзингиздир.

4. Яхшилик қилинг
Ҳар қандай яхшилик мияни серотонин билан қувватлантиради. Серотонин таъсир доирасига кўра тенгсиздир - соғлиқ учун ҳам, бахт ҳиссини туйиш учун ҳам. Бирор кишига беминнат ёрдам кўрсатиш - ички илиқлик ва гармонияни ҳис қилишнинг энг кучли усули. Бу нафақат сиз учун, балки яхшиликни кузатаётган одамлар учун ҳам шундай. Мўъжизанинг ўзи, тўғрими? Дарвоқе, антидепрессантлар ҳам серотонин ишлаб чиқаради. Бироқ яхшилик улашиш антидепрессантлардан кўра анча соғлом ва самарали усулдир.
















