Тошкент шаҳрида 100 та санитария-гигиена шохобчаси қурилади ва уларни жойлаштириш бўйича топографик ишларга 140,4 млн сўм йўналтириш таклиф қилинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган қарордан маълум бўлмоқда.
Ҳужжат пойтахтнинг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда аҳоли ва меҳмонлар кўп борадиган объектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчасини ташкил этиш ҳақидаги қарорига асосланган. Улар 2026 йилда замонавий лойиҳалар асосида давлат-хусусий шериклик орқали қурилади.
Амалдаги санитария меъёрларига кўра, жамоат ҳожатхоналари санитария-гигиена шохобчалари таркибига киритилади. Лойиҳа топшириғига қараб, шохобчаларда душ кабиналари, кийим алмаштириш ҳамда она ва бола хоналари ҳам ташкил этилиши мумкин.
Ҳоким қарорига кўра, топографик ишлар учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан 140,4 млн сўм ажратиш бўйича «Тошкент инвест компанияси» АЖ кузатув кенгашига таклиф киритилади. Маблағ «Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот, шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти» корхонасига йўналтирилиши кўзда тутилган.








