Иқтисодиёт | 18:43 / 22.08.2018
8034
2 дақиқада ўқилади

Украина компанияси Ўзбекистонда фармацевтика заводи ташкил қилади

Фото: GMP news

Украинанинг “Фармак” фармацевтика компанияси Ўзбекистонда завод қуради. Бу бўйича “Фармак” раиси Филей Жебровский ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев ўзаро келишувга эришган.

Украина компанияси Тошкент вилоятидаги фармацевтик саноат зонасида ўз филиалларини очиш ниятида ва 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция киритиш режасини маълум қилди.

Алишер Абдуалиев ушбу келишувга эришишдан олдин “Фармак” компаниясига бир неча маротаба ташриф буюрганди. Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг республиканинг 6та вилоятида ташкил этилиши режалаштирилган фармацевтика зоналарини барпо этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган бўлиб, барча корхоналар турли муддатга солиқ тўлашдан озод қилинади.

Элчи “Фармак” компаниясини Украинадаги йирик фармацевтик бирлашма эканлиги, унинг Украина дори савдосидаги улуши 19%ни ташкил этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Компания ЕИ, МДҲ мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга 200 номдаги препаратларни экспорт қилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 72 та ўзбек-украин қўшма корхоналари фаолият юритади. 5 таси тўлиқ Украина капитали билан таъминланади. 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ва Украина ўртасида товар айланмаси 60%га ўсди ва 206 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид