Индонезияда Осиё ўйинларининг якуний баҳслари ўтказилмоқда.
Бугун Ўзбекистон самбо жамоасининг яна 4 нафар вакили ўз имкониятларини синовдан ўтказишди ва якунда икки медалга эга чиқишди.
Дастлаб, -90 кг вазн тоифасидаги Неъмат Ёқубов саралаш баҳсларида иштирок этди. У дастлабки рақиби таиландлик Женгхор Сонрам устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Унинг нимчорак финалдаги рақиби қирғизистонлик Урмат Мамбетжан улу бўлди. Ёқубов иккинчи жангида ҳам ғалаба қозонди - 2:0. Аммо у чорак финалда қозоғистонлик Айтбек Айболга 1:3 ҳисобида ютқазди. Шундан сўнг бронза учун ўтиш баҳсларида иштирок этган Ёқубов туркманистонлик Руслан Эсегеровга ютқазиб қўйди.
Аёл самбочилар ўртасидаги баҳсларда -68 кг вазн тоифасидаги Нилуфар Давлетова иштирокини саралашдан бошлади. У илк рақиби, ливанлик Суэллен Силвани 4:0 ҳисобида енгди. Нимчорак финалда таиландлик Титапа Жунсукплунг ҳам таслим этилди - 4:0. У чорак финалда индонезиялик Аманда Мутиарани 4:0, ярим финалда қозоғистонлик Динара Кударовани 4:0 ҳисобларида мағлуб этиб, финалга чиқди.
Шундан сўнг у финалда олтин медал учун қозоғистонлик Дилдаш Куришбаевага қарши гиламга чиқиб, 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди ва кумуш медал билан кифояланадиган бўлди.

Ўзбекистонлик яна бир самбочи, -68 кг вазн тоифасидаги Гулмира Исматова баҳсларга нимчорак финалдан қўшилди. У дастлабки рақиби, суриялик Ҳасна Сайдни 4:0 ҳисобида енгди. Аммо чорак финалда мўғулистонлик спортчидан енгилди.
Шундан сўнг, бронза медал учун ўтиш баҳсларига қўшилган Исматова дастлаб индонезиялик Сакина Сакина тўсиғидан ўтди - 4:0. Лекин у иккинчи босқичда япониялик Томи Нацукига ютқазиб қўйди - 0:2.
Ўзбекистоннинг -90 кг вазн тоифасидаги иккинчи вакили Камолиддин Холмуродов баҳсларга нимчорак финалда қўшилди ва дастлаб япониялик Сато Ёсукини мағлуб этди - 3:0. Чорак финалда эса у эронлик Ираж Амирханидан устун келди - 4:0. Ярим финалда тожикистонлик Комроншоҳ Усторпиёнга қарши гиламга чиққан Холмуродов 3:0 ҳисобида ғалабага эришиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.



















