Бу ҳақда Science and Technology Daily нашри маълум қилган, Global Times эса синов тафсилотлари ва мутахассислар изоҳини келтирган. Тизим AVIC авиация корпорациясининг ишлаб чиқариш технологиялари тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган.

Синовда дронлар бир неча йўналишдан яқинлашиб, ҳимоя қилинаётган шартли объектга ҳужумни тақлид қилган. Улар паст баландликда ҳаракатлангани ва гуруҳлар кетма-кет келгани сабабли, қурилмаларнинг мураккаб ҳаво вазиятида ишлаш имконияти текширилган.

Ҳарбий мутахассис Сун Чжунпиннинг тушунтиришича, лазер қуроли нишонга жамланган кучли нур ёрдамида таъсир кўрсатади. Бундай тизимлар паст учадиган, секин ҳаракатланадиган ва кичик ўлчамли ҳаво нишонларига, жумладан дронларга қарши қўлланиши мумкин. Улар яқин масофадаги ҳаво ҳужуми ва ракеталарга қарши мудофаани тўлдирувчи восита сифатида қаралмоқда.

Лазернинг асосий афзалликларидан бири — нурнинг нишонга жуда тез етиб бориши. У секундига қарийб 300 минг километр тезликда тарқалади. Ҳаво мудофаасида қўлланадиган одатий масофаларда нурнинг нишонгача бориш вақти деярли сезилмайди.

Дронни ишдан чиқариш учун эса нурни унга маълум вақт давомида аниқ йўналтириб туриш талаб этилади. Шунда тўпланган иссиқлик аппаратнинг ташқи қисми, электроникаси ёки бошқа муҳим қисмларига шикаст етказиши мумкин. Қайси турдаги нишонни зарарсизлантириш мумкинлиги қурилманинг қувватига ҳам боғлиқ.

Бунинг учун лазернинг ўзи етарли эмас. Қурилма дронни ўз вақтида аниқлайдиган, ҳаракатини кузатадиган ва нурни нишонга аниқ йўналтирадиган бошқарув тизими билан бирга ишлаши керак.

Ишлаб чиқувчилар олдидаги вазифалардан бири лазер нурини узатиш ва кучайтиришда ишлатиладиган махсус оптик толалар сифатини яхшилаш бўлган. Булар нурни ўтказадиган жуда ингичка толалардир. Уларнинг таркибига нодир ер элементлари қўшилади, тузилиши эса оддий алоқа тармоқларидаги оптик толалардан фарқ қилади.

Шу сабабли бундай толаларни бир хил юқори сифатда ишлаб чиқариш қийин бўлган. Аввал мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнидаги кўплаб кўрсаткичларни ўз тажрибасига таяниб, қўлда созлаган. Ҳатто кичик оғиш ҳам тайёр маҳсулот сифатига таъсир қилиши мумкин эди.

Кейинчалик жамоа бир нечта кўрсаткични ўзаро мувофиқлаштириб бошқарадиган компьютер тизимини жорий этган. Нашр маълумотига кўра, бу ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириб, талабга жавоб берадиган толалар улушини кўпайтирган.