Компания лойиҳа учун алоҳида саҳифа очиб, бўлажак буюртмачиларга таклифларини эълон қилди. SpaceX тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчиларга микрогравитация, яъни деярли вазнсизлик шароитида мунтазам ишлаш имконини бермоқчи.
Расмий маълумотларга кўра, ҳар бир Starfall орбитага бир тоннагача фойдали юк олиб чиқиши мумкин. Бу юк илмий ускуналар, тажриба намуналари ёки ишлаб чиқариш жиҳозларидан иборат бўлади. Уларни ишлатиш учун бир киловатт электр қуввати ажратилади. Парвоз қанча давом этиши эса буюртмачининг эҳтиёжига қараб белгиланади.
Аппаратдаги ускуналар Starlink сунъий йўлдош тармоғи орқали Ер билан узлуксиз алоқада бўлиши кўзда тутилган. Шу туфайли олимлар тажриба натижаларини аппарат ҳали орбитада турган пайтдаёқ олиши мумкин бўлади. Намуналарнинг ўзини батафсил текшириш учун эса уларни Ерга қайтариш имконияти бор.
SpaceX Starfall’дан учта асосий йўналишда фойдаланишни таклиф қилмоқда. Биринчиси — тиббиёт ва биологияга оид тадқиқотлар. Компания вазнсизлик шароитида ўзак ҳужайралардан органоидлар ўстириш, кўчириб ўтказиш учун тўқималар ва кўп қатламли биологик материаллар устида ишлаш имкониятини кўрсатган.
Органоид — инсон аъзосининг айрим хусусиятларини такрорлайдиган кичик ҳужайравий тузилма. Олимлар ундан аъзолар қандай ривожланишини, касалликлар ва дори моддалари ҳужайраларга қандай таъсир қилишини ўрганишда фойдаланади. Starfall шу каби тажрибаларни космос шароитида ўтказишга хизмат қилиши мумкин.
Иккинчи йўналиш — дори яратишга қаратилган изланишлар. Фармацевтика компанияларига оқсиллар ва кичик молекулали дори моддаларининг кристалларини вазнсизликда ҳосил қилиш таклиф этилмоқда.
Ерда тортишиш таъсирида юзага келадиган суюқлик оқимлари ва зарраларнинг чўкиши кристалларнинг шаклланишига таъсир қилади. SpaceX’нинг таъкидлашича, микрогравитацияда айрим дори моддалари ва оқсиллар майдароқ, бир хил кристаллар ҳосил қилиши мумкин. Компания бу шароитдан янги дориларни тадқиқ қилишда фойдаланишни таклиф қилмоқда.
Учинчи йўналиш — янги материаллар ишлаб чиқариш. Бунга чиплар тайёрлашда қўлланадиган яримўтказгичлар ҳам киради. Орбитадаги деярли вазнсизлик ва вакуум — ҳаво деярли йўқ муҳит — Ерда узоқ вақт давомида яратиш қийин бўлган шароитда ишлаш имконини беради.
Starfall’нинг яна бир афзаллиги тажрибаларни ҳафталаб давом эттириш имконияти сифатида кўрсатилмоқда. Ерда намуналарни махсус минораларда эркин тушириш ёки самолётларда махсус парвоз манёврларини бажариш орқали вазнсизликни фақат қисқа вақтга ҳосил қилиш мумкин. Орбитада эса бундай шароит узлуксиз сақланади.








