Американинг Oshkosh Defense компанияси Калифорнияда жойлашган Grid Aero стартапи билан ҳамкорлик ўрнатганини эълон қилди. Компаниялар йирик ҳарбий учувчисиз учиш аппаратларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Висконсин штатида жойлашган Oshkosh учун бу авиация техникасини ишлаб чиқариш соҳасидаги илк тажриба бўлади.
Ҳамкорлик АҚШ Мудофаа вазирлигининг мамлакат саноат базасини кенгайтиришга қаратилган «Эркинлик арсенали» ташаббуси доирасида йўлга қўйилди. Grid Aero ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ёрдам бера оладиган ҳамкорга муҳтож эди. Oshkosh эса узоқ муддатли ривожланиш учун истиқболли янги йўналиш излаётганди.
Расман Oshkosh субпудратчи сифатида фаолият юритади. Бироқ ҳар икки компания ушбу келишувни ҳамкорлик деб аташни маъқул кўрмоқда.
Бунга сабаб — Oshkosh компанияси Grid Aero билан биргаликда Lifter конструкциясини қайта ишлашда иштирок этаётганидир. Бунда аппаратни серияли ишлаб чиқаришга мослаштириш, технологик жиҳатдан қулай ва самарали қилиш масалалари лойиҳанинг дастлабки босқичиданоқ ҳисобга олинмоқда. Яъни бу талаблар кейинчалик эмас, балки бошиданоқ конструкция ва ишлаб чиқариш стратегиясининг асосига қўйилмоқда.
2024 йилда ташкил этилган Grid Aero компанияси модулли фойдали юк ташиш имкониятига эга автоном Lifter учувчисиз учиш аппаратини ишлаб чиққан. Компания уни «осмондаги пикап» деб атайди.
АҚШда қабул қилинган учувчисиз авиация тизимлари таснифига кўра, Lifter тахминан 600 килограмм вазн тоифасидаги аппаратлар қаторига киради.
Компаниялар АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳамда тижорий буюртмачилар учун минглаб Lifter аппаратларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Дастлабки босқичда Grid Aero кичик серияли ишлаб чиқаришни ташкил этади. Шу вақтнинг ўзида Oshkosh компанияси келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш учун тажриба-синов ишлаб чиқариш линиясини барпо этади.








