Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Халқаро жиноий судга санкциялар билан таҳдид қилмоқда
Вашингтон Фаластин туфайли АҚШ ёки Исроилга нисбатан текширувлар бошланган тақдирда, Халқаро жиноий судга (ХЖС) қарши санкцияларни қўллашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон баёнотида айтилади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.
«Агарда ХЖС АҚШ, Исроил ва бизнинг бошқа иттифоқчиларга нисбатан суриштирувларни бошласа, биз ҳам жим ўтирмаймиз», - дейилади ҳужжатда. Шунингдек, унда қайд этилишича, ХЖС судьяларига мамлакатга кириш ёпиб қўйилиши, уларнинг Америка молия тизимидаги маблағларига санкциялар қўлланилиши ва АҚШ қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари мумкин.
Бундан ташқари, тайёрланган баёнотда айтилишича, АҚШ «ХЖСнинг америкаликларга нисбатан суриштирувларида иштирок этадиган исталган компания ёки давлат билан ҳам худди шундай йўл тутади».
ХЖСга санкциялар билан таҳдиддан ташқари, Болтон Фаластинни озод қилиш ташкилотининг Вашингтондаги ваколатхонаси ёпилиши ҳақида ҳам эълон қилади. «Трамп маъмурияти фаластинликлар Исроил билан тўғридан-тўғри ва мазмунли музокаралар олиб бориш учун қадамлар қўйишдан бош тортаётгани сабабли, ташкилотнинг офисини очиқ қолдирмайди, - дейилади баёнотнинг хомаки нусхасида. - АҚШ ўз дўсти ва иттифоқчиси - Исроилни ҳар доим қўллаб-қувватлайди».
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Венесуэла раҳбарини ағдариб ташлаш режаларини ўрганиб чиққани маълум бўлганди.