Адлия вазирлиги томонидан  фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистонда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга масъул ташкилот ҳисобланган Адлия вазирлиги бу борада қатор тадбирларни ўтказиб келмоқда ва бу ишларни амалга ошириш учун даъват билан бирга рағбат усулини ҳам йўлга қўйган.

Хусусан, ҳуқуқий нигилизмга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровномалар, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари ҳамда Адлия вазирлигининг ишонч телефонларига бир кунда келиб тушаётган 1000 дан ортиқ мурожаатлар ҳам бу йўналишда қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини кўрсатмоқда. Шулардан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги қатор лойиҳаларни тайёрлади. Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.

Фото: Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Биринчидан, вазирлик аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонлик даражасини ўрганиш учун махсус социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказди. Тадқиқот натижаларига таянган ҳолда ҳуқуқшунос, педагог, психолог ва социолог мутахассислар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари учун минимал талаблар ишлаб чиқилди.

Фото: Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Иккинчидан, жаҳон тажрибаларини ўрганиб, маҳаллий қонунчилик амалиётига таянган ҳолда ҳуқуқий тестлар тайёрланди. Махсус сайт ёрдамида фуқароларга доимий равишда янгиланиб турадиган саволлар базасидан тест саволларига жавоб бериш орқали ҳуқуқий билим кўрсаткичини аниқлаш имкони берилади. Ўзбекистонда ҳозирда ягона бўлган ушбу сайтда 1000га яқин ҳуқуқий тестлар жамланган.

Фото: Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Учинчидан, фуқаролар томонидан энг кўп бериладиган ҳуқуқий мавзудаги саволлар асосида махсус ҳуқуқий қўлланма тайёрланди. Ушбу қўлланма оила даврасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга мўлжалланган бўлиб, унда фуқаролик, мулк, ер, уй-жой, меҳнат, таълим, солиқ ва оила қонунчилигига доир муҳим тушунчалар очиб берилган.