Ўзбекистон | 12:30 / 16.09.2018
75750
2 дақиқада ўқилади

UzCard ҳамон ишламаяпти. Миллионлаб ўзбекистонликлар харид қобилиятидан маҳрумлигича қолмоқда

16 сентябрь, соат 12:30 ҳолатига кўра, UzCard банклараро тўлов тизими ишдан чиққанлигича қолмоқда. Тизим серверларида 15 сентябрь куни соат 18:52да жиддий хато юзага келганди ва бу муаммо 18 соатга яқин вақт ўтиб ҳам бартараф этилмади.

Иккинчи кундирки, савдо шохобчалари терминал бўйича тўловларни қабул қилмай қўйган, карточка орқали онлайн товар ва хизматларни сотиб олиш, PayMe ёки Click орқали ҳам тўлов қилишнинг имкони бўлмаяпти. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан Ўзбекистондаги савдоларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Айни вақтда муаммо сабаби айтилмаяпти, муаммо қачон ечилиб, пластик карталар ишлай бошлаши ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмаяпти.

Ижтимоий тармоқда бу соҳадаги монополия кескин норозилик уйғотмоқда.

Маълумот учун, UzCard тизими Ягона умумреспублика процессинг марказига тегишли бўлиб, мамлакатнинг барча банклари сўм пластик карталари фаолиятини бошқаради.

UzCard тизимида 15 сентябрь куни соат 18:52дан бошлаб носозликлар кузатилмоқда - POS, Э-POS терминаллар ва АТМ қурилмалар процессинг маркази билан улана олмаяпти, шу сабаб пластик карта эгалари тўловларни амалга ошира олишмаяпти.

UzCard юзага келган «вақтинчалик ноқулайликлар» учун узр сўраб, компания мутахассислари носозликларни бартараф этиш учун қўлидан келган барча чораларни ишга солаётганини маълум қилганди.

Статистик маълумотларга кўра, 2018 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, муомаладаги банк пластик карталари сони - 18 миллион 26 минг 562та, терминаллар сони 243 минг 236та, банкомат ва инфокиосклар сони эса 6279тани ташкил этган. 2018 йил январь-август ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар 39 трлн 278 млрд сўмдан ортиқ бўлган. Бир кунда республика бўйича ўртача 164 млрд.сўм терминал тушумлари амалга оширилади.

Мавзуга оид