Apple Pay ва Google Pay ниҳоят ишлади: бу нафақат терминалдаги, балки интернетдаги тўловларни ҳам осонлаштиради. Ўртача ойлик 7 млн, ўртадагиси 4 млн сўм: маошлар медианаси илк марта очиқланди. IMAN Invest можароси ва қонунчиликдаги бўшлиқ: инвесторнинг ҳимояси кимнингдир виждонига боғлиқ бўлиши керак эмас. Импортга чеклов, шакар заводларига эса имтиёзлар гулдастаси: ҳукуматнинг яширин қарори истеъмолчига қимматга тушади.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Тўлов қилиш янада осонроқ

Бутун дунёда аллақачон стандартга айланиб улгурган тўлов усули – смартфон ёки қўлсоатни терминалга яқинлаштириб тўлов қилиш ниҳоят Ўзбекистонда ҳам оммалашяпти. 27 октябрдан бошлаб Google Pay ва Apple Pay хизматларига Ўзбекистон карталарини ҳам улаш имконияти очилди ва шу куннинг ўзида кўплаб ватандошлар умрида илк марта бу қулайликдан фойдаланиб кўрди. Маълумот учун, бу хизматдан фойдаланишда смартфон ёки ақлли соат интернетга уланган бўлиши талаб этилмайди.

Аслида, смартфондаги NFC функцияси ёрдамида тўлов қилиш имконияти Ўзбекистонда бир неча йил аввал пайдо бўлган. Ривожланган давлатларда чиқарилган банк карталари эгалари учун Ўзбекистонда Google Pay ва Apple Pay'дан фойдаланиш имконияти 2019 йилдаёқ пайдо бўлган, яъни ўзимизга энди насиб қилган қулайлик юртимизга келувчи чет эллик сайёҳлар учун янгилик эмас. Шу билан бирга, кейинги йилларда Uzcard ва Humo карталаридан Android смартфонлардаги NFC орқали тўлов қилиш ҳам йўлга қўйилган, аммо iPhone эгалари бу имкониятдан бебаҳра қолаётганди.

2026 йил март ойида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ўзгартирилгач, Google ва Apple ҳамёнларига Ўзбекистон карталарини улашдаги асосий тўсиқ олиб ташланди. Шундан кейинги техник тайёргарлик 8-9 та банкда якунланиб, улар чиқарган Visa ва Mastercard карталарини 27 октябрдан бошлаб Google Pay ва Apple Pay'га улаш мумкин бўлди. Босқичма-босқич бошқа банклар ҳам, маҳаллий