Ироқ жанубидаги Басра вилоятида 27 минг киши ичимлик сувидан заҳарланди, деб хабар берди Al-Sumaria телеканали Ироқ вакиллар палатаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳасан ал-Каабийга таяниб.

Аввалроқ Басра шаҳри соғлиқни сақлаш бўлими бош директори Риёд Абд ал-Амир 14 минг киши жабрлангани ҳақида маълум қилганди.

"Басра вилоятида 27 минг киши ифлосланган сувдан заҳарланиши жиддий ҳодиса ҳисобланади", — деди амалдор.

Ал-Каабий вилоятга инвестициялар киритиш зарурлигини тасдиқлади ва вилоят аҳолиси учун иш ўринлари яратишга чақирди.

Ироқнинг Басра вилоятида 8 июлдан буён ишсизлик ва коммунал соҳадаги муаммоларга қарши намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар ҳукуматдан электр ва сув таъминотидаги узилишларга чек қўйишни талаб қилишмоқда.