KUN.UZ таҳририяти “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси доирасида бугунги кунда кўп учрайдиган касалликлар тўғрисида маълумот бериб бормоқда. Бугунги мавзу инсон организмида учровчи паразитлар тўғрисида.
Одам ва ҳайвонларнинг аъзо ва тўқималари ҳисобига яшовчи майда чувалчанглар – гижжалар (гельминтлар), улар келтириб чиқарадиган касалликлар гельминтозлар дейилади. Касаллик манбаи бемор одам ва гижжалар билан зарарланган ҳайвонлар ҳисобланади. Гижжалар – чувалчанглар, ўзининг паразитлик ҳаётини одам организмида ўтказувчи организмлардир. Бунда одам ёши роль ўйнамайди - катталар ҳам, болалар ҳам бир хилда касалланиши мумкин.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Паразитлар инсонга қандай юқади?
Шифокорларнинг айтишича, паразитлар турига қараб турли усулларда юқиши мумкин. Масалан, аскаридалар, асосан, қўлини яхши ювмайдиган болаларда кўп учрайди. Острисалар эса одамга ифлос қўллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда оғиз ва бурунга тушадиган чанг орқали ҳам юқиши мумкин.
Касаллик белгилари
Гижжаларнинг хили, сони ва қайси органда паразитлик қилишига қараб касаллик ҳар хил кечади. Паразитлар билан зарарланган одамнинг вазни камаяди, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, ич кетиши ёки бош айланиши, жиззакилик пайдо бўлади, дейди биз билан суҳбатда бўлган юқумли касалликлар шифокори Саодат Темирова. Гижжа ичакда бўлса – ич қотади ёки ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Жигарда бўлса - кўз оқи ва бадан сарғаяди, шиш пайдо бўлади, баданга ҳар хил доғлар тушиши мумкин. Ўпкада бўлса - иситма чиқиши ва йўтал пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, одамнинг меҳнат қобилияти пасаяди, болаларда ривожланиш орқада қолади, яхши ўсмайди, хотира пасаяди, уйқуси нотинч бўлади.
Гельминтларнинг классификацияси жуда кенг, айниқса, иссиқ иқлимли мамлакатларда. Ҳозирда гельминтларнинг фақатгина ўлкамизда кенг тарқалганлари ҳақида юқумли касалликлар шифокори Саодат Темирова билан биргаликда маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

















