Германиянинг Саксония федерал еридаги Бад-Дюбен шаҳри маъмурияти қарийб 800 йиллик тарихга эга Шнадитц қалъасига харидор изламоқда. Харидор рамзий 1 евро эвазига майдони 1012 квадрат метр бўлган кўчмас мулкни қўлга киритиши мумкин.
Қалъа ичида рицарлар зали сақланиб қолган, бино эса сув тўлдирилган ҳандақ билан ўралган бўлиб, иккита минорага эга.

«Қалъа сақлаб қолинишини истардим. Бу бино минтақа ва Саксония учун муҳим аҳамиятга эга. Албатта, ташқи кўриниши ҳозир анча ачинарли ҳолатда — катта ҳажмдаги таъмирлаш ишларини амалга ошириш керак. Аммо томи бутун», — деди маҳаллий мэр Матиас Мит BILD нашрига.
Маҳаллий ҳокимиятнинг баҳолашича, қалъани тўлиқ таъмирлаш учун 20 миллион евро атрофида маблағ талаб қилинади. У давлат муҳофазасида бўлгани сабабли барча таъмирлаш ишлари маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш органлари билан келишилиши керак. Бу эса таъмирлаш муддати сезиларли даражада узайишига олиб келиши мумкин.

Аввал ҳам инвесторлар бу қалъани сақлаб қолишга уринган. 2014 йилда америкалик аёл ва унинг ўғли бу ерда меҳмонхона, барбекю-ресторан ва вино бари очишни режалаштирган. Бироқ лойиҳага ваъда қилинган миллионлар ўрнига атиги 400 минг евро сарфланган. 2018 йилда олди-сотди шартномаси бекор қилиниб, бино яна шаҳар ҳокимияти ихтиёрига қайтарилган.







