Испания чемпионатида ҳафта ўртасида навбатдаги тур учрашувлари давом эттирилди. Олтинчи турда икки фаворит ҳам мағлубиятга учради.

«Леганес»га Оскар
«Леганес» - «Барселона» - 2:1 (0:1)
Голлар: Коутинью, 12 (0:1). Эль-Жар, 52 (1:1). Оскар Родригес, 53 (2:1).
«Леганес»: Куэльяр, Хуанфран, Бустинса, Рауль Гарсия, Тарин, Сильва, Эль-Жар (Ньом, 86), Весга (Мерино, 82), Рубен Перес, Оскар Родригес (Херард Гумбау, 74), Эн-Несири.
«Барселона»: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Юмтити, Фермален (Жорди Альба, 70), Ракитич, Бускетс, Коутинью, Эл-Ҳаддоди (Суарес, 61), Месси, Дембеле (Малком, 71).
Огоҳлантиришлар: Рубен Перес, 40. Бустинса, 49. Юмтити, 60. Фермален, 64. Ньом, 88. Эн-Несири, 90+2.
Ҳакам: Ундиано Мальенко (Испания).
26 сентябрь. Леганес. «Estadio Municipal de Butarque» стадиони.
Ўтган мавсумда барча «Барселона»нинг Ла Лигадаги мағлубиятсиз сериясидан ҳайратланганди. Бу рекорд яна узоқроқ давом этишини ҳам кутишганди. Каталонияликлар ишонч билан серияни давом эттиришган, мавсумни мағлубиятсиз якунлаб, «Арсенал»нинг 2004 йилги рекордни янгилаш томон боришаётганди. Аммо бу рўй бермади. Май ойи охирида, мавсум якуни арафасида «Барса» «Леванте»га сафар ўйинида 4:5 ҳисобида ютқазди. Бу ўйинда жамоа иккинчи бўлим бошида 1:5 ҳисобида ортда қолаётганди. Лондон жамоаси рекорди яна узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.

Бу мавсумда эса кўк-анорранглилар жамоасининг мағлубиятсиз серияси атиги 5 тур давом этди. Олтинчи турда яна бир кучсиз рақиб, турнир жадвалида охирги ўринда бораётган «Леганес»га мағлуб бўлинди - 1:2. Жамоа ўйинида пасайиш ўтган турда, шанба куни «Жирона»га қарши уй ўйинида ҳам сезилганди. Жамоа Каталония дербиси мақомидаги ўйинда очко йўқотганди - 2:2.
Мадрид яқинидаги ҳудуд шарафини ҳимоя қиладиган «Леганес» эса олтинчи турга қадар фақат бир ўйинда дуранг ўйнаб, 4 марта мағлуб бўлганди ва турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турганди. Бу жамоа шу вақтга қадар ҳеч қачон кўк-анорранглилар жамоасини мағлуб этишмаганди. Аммо ҳеч қачон ҳеч қачон демаслик керак экан.

















