Мирзиёев: «Террорчилик тузилмаларининг МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда»
МДҲ давлатлари терроризм хавфини ўз вақтида ва самарали қайтариш учун ўзаро келишилган, аввало, олдиндан зарба беришга қаратилган ҳаракатларга тайёр туриши лозим, дея ҳисоблайди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Унинг Душанбе шаҳрида МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилишича, бугунги террорчилик тузилмалари катта молиявий ресурсларга, энг янги ахборот ва техника воситаларига эга, юқори даражада ҳаракатчан ва тезкордир.
«Ҳозирги пайтда уларнинг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда.
Мамлакатларимиз терроризм хавфини ўз вақтида ва самарали қайтариш учун ўзаро келишилган, аввало, олдиндан зарба беришга қаратилган ҳаракатларга тайёр туриши лозим», - деди Мирзиёев.
Унинг таъкидлашича, МДҲ маконида юзага келаётган хавфсизликка қарши таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш учун таҳлилий ва тезкор ахборот билан мунтазам алмашишнинг амалдаги механизмлари доирасида самарали ҳамкорликни таъминлаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим.
«Ёшлар ўртасида радикаллашув муаммоси эътиборимиз марказида бўлиб қолиши лозим. Шу муносабат билан таълим-тарбия, илм-маърифат, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарур», - дея қўшимча қилиб ўтди Ўзбекистон президенти.
Шунингдек, унинг билдиришича, Афғонистонда ҳануз давом этаётган қуролли можаро Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг аксарияти учун умумий таҳдид бўлиб қолмоқда.
Унинг фикрича, МДҲ Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан тезроқ ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнашга қодир.
Мавзуга оид
14:04 / 08.11.2024
МДҲ давлатлари 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқади
16:41 / 03.11.2024
Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги шартномага қўшилди
14:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири МДҲ бош котиби билан учрашди
20:38 / 30.10.2024