Октябрь ойи бошида Интерпол раҳбари, 64 ёшли Мэн Хунвэй 29 сентябрь куни Хитойга жўнаб кетгач, бедарак йўқолгани ҳақида хабар тарқалди. Кейинроқ эса унинг Пекинда ҳибсга олингани ва тергов қилинаётганлиги маълум бўлди.

Фото: AP
Тафсилотларга ўтишдан олдин Интерпол тарихига назар ташласак. Интерпол (International Criminal Police Organization–INTERPOL) – халқаро жиноят қидирув полицияси ташкилоти бўлиб, умумий жиноятчиликка қарши курашадиган дунёдаги энг йирик халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган ва Интерполга 192 давлат аъзо бўлган.
Қачон ташкил этилган
Халқаро жиноят қидирув полицияси ташкилотини тузиш ғояси 1914 йилда Монакода бўлиб ўтган жиноят қидирув полицияси халқаро конгрессида пайдо бўлган. Ўн тўрт мамлакатнинг юрист ва полиция ходимлари халқаро жиноятчилик бўйича маълумотлар юритувчи бўлим ташкил қилиш ва жиноятчиларни экстрадиция қилиш жараёнларини умумлаштириш имкониятларини кўриб чиқишган.
1923 йилда иккинчи бор бўлиб ўтган жиноят қидирув полицияси халқаро конгрессида бу ғоя амалга татбиқ этилган ва маркази Австриянинг Вена шаҳрида бўлган халқаро жиноят қидирув полицияси комиссияси (International Criminal Police Commission, ICPC) тузилган.
1938 йилда Австриянинг фашистлар Германияси томонидан босиб олиниши ва бош қароргоҳининг Берлинга кўчирилиши сабабли ташкилот фаолиятини тўхтатган.
Ташкилот 1946 йилда Бельгия ҳукумати ташаббуси билан қайта ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Парижда жойлашган. INTERPOL (international police) атамаси ҳам ўшанда пайдо бўлган.
1956 йилда Интерполнинг ҳозирги номи ва низоми қабул қилинган. 1989 йилда ташкилот бош қароргоҳи Лион шаҳрига кўчирилган.
Нима билан шуғулланади
Интерпол мавжуд қонунчилик ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси доирасида фаолият юритаётган жиноят полицияси барча органларининг ўзаро ҳамкорлигини (ҳаттоки айрим давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган бўлса ҳам) таъминлайди.














