Нима юз берди?

Гюрлекнинг сўзларига кўра, мурожаат 2026 йил 14 июлда Истанбул суди томонидан берилган ҳибсга олиш ордерлари асосида юборилган. Энди Туркия ҳукумати Интерпол Бош котибиятининг Нетаняҳуни «қизил хабарнома» тизими орқали расмий равишда халқаро қидирувга киритишига эришмоқчи. Бу ҳақда Sabah хабар берди.

Бунга 2026 йил май ойида Ғазо секторига йўл олган «Сумуд» (Global Sumud Flotilla) гуманитар флотилиясининг Исроил томонидан қўлга олиниши бўйича тергов доирасида Истанбулнинг оғир жиноятлар бўйича 11-суди чиқарган қарор ҳуқуқий асос бўлди. Флотилия бортида, бошқалар қаторида, швециялик фаол Грета Тунберг ҳам бор эди.

Туркия суди Нетаняҳуни ва яна ўттизга яқин юқори мартабали исроиллик амалдорни, жумладан, мудофаа вазири Исраэл Кац, унинг ўтмишдоши Йоав Галант ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни инсониятга қарши жиноятлар, геноцид, ноқонуний озодликдан маҳрум этиш, шафқатсиз муомала ва талончиликда айбламоқда.

Бу Анқаранинг биринчи қадами эмас: 2025 йил ноябрь ойида Истанбул прокуратураси Нетаняҳуни ва бошқа исроиллик мансабдор шахсларни Ғазодаги геноцид ҳамда гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилишда айблаб, ҳибсга олиш бўйича миллий ордерлар берган эди.

«Қизил хабарнома» нима ва нега у ҳибсга олиш ҳисобланмайди?

Интерполнинг «қизил хабарнома»си классик маънодаги халқаро ҳибсга олиш ордери эмас. Бу ташкилотга аъзо 196 мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига йўлланган сўров бўлиб, унда шахснинг турган жойини аниқлаш ва зарур бўлса, экстрадиция масаласи ҳал этилгунига қадар уни вақтинча ушлаб туриш сўралади. Бундай сўровни бажариш ёки бажармасликни ҳар бир давлатнинг ўзи ҳал қилади.

Бундан ташқари, Интерпол низоми ташкилотнинг сиёсий, ҳарбий ёки диний тусдаги ишларга аралашишини тақиқлайди — Исроил томони айнан шу бандга ишора қилмоқда. Мутахассислар фикрича, шу сабабли ҳам Интерполнинг Туркия сўровини рад этиш эҳтимоли юқори.

Шуни алоҳида эслатиб ўтиш жоизки, Нетаняҳунинг 2024 йил ноябрь ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан ҳарбий жиноятларда айбланиб берилган амалдаги ҳибсга олиш ордери ҳам бор. Бу ордер қарийб икки йилдан бери бирорта мамлакат томонидан ижро этилмаган.