Туркия адлия вазири Акин Гюрлек 21 август, жума куни унинг идораси мамлакат Ички ишлар вазирлигига тегишли мурожаат юборганини маълум қилди. Унда Интерполдан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан «қизил билдиришнома» чиқаришни сўраш таклиф этилган.
Анқаранинг бу қарори аввалроқ Истанбул Олий жиноят суди томонидан Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берилгани билан боғлиқ.
Ишга 2026 йил май ойида Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб бораётган Global Sumud флотилияси Исроил томонидан тўхтатилгани асос бўлган.
Reuters агентлиги маълумотига кўра, ўша воқеалар чоғида Исроил ҳарбийлари халқаро сувларда Global Sumud флотилиясига тегишли камида иккита кемага ўт очган. Жами 40 мамлакатдан бўлган 430 нафар фаол қўлга олинган.
Туркия адлия вазири Гюрлек Анқара Исроилни жавобгарликка тортиш учун мавжуд барча ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланишини ҳам билдирган.
Исроил бош вазири девони эса Туркия томонидан билдирилган айбловларни рад этди ва Анқаранинг ҳаракатларини танқид қилди. Нетаняҳу девони Reuters агентлигига берган баёнотида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Исроил раҳбарияти ва ҳарбийларига босим ўтказишга қаратилган уринишлари натижа бермаслигини билдирган.
Интерполнинг «қизил билдиришномаси» ташкилотга аъзо давлатлар талабига биноан чиқарилади. У дунё мамлакатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига муайян шахсни топиш ва эҳтимолий экстрадиция масаласи ҳал этилгунига қадар вақтинча ушлаб туриш тўғрисидаги сўров ҳисобланади.
Яқин Шарқдаги ҳозирги можаронинг кескинлашуви 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин бошланган. Ҳужум оқибатида Исроилда қарийб 1200 киши ҳалок бўлган ва тахминан 250 киши гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб кетилган.
Шундан сўнг Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди ва Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлади. ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотларига кўра, уруш давомида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 169 мингдан зиёд киши жароҳатланган. Бу рақамларда ҳалок бўлган жангчилар ва тинч аҳоли алоҳида кўрсатилмайди.









