Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар умумий ўрта таълим муассасаларида психологик хизматнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
психология фани ютуқлари, инновацион психологик методика ва технологияларни таълим жараёни ҳамда психологик амалиётга татбиқ этиш;
илғор хорижий ва маҳаллий тажрибалар асосида психологик-педагогик ташхис тизимига ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш;
психологик йўналишдаги ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
турли ёш даврларида ўқувчиларнинг шахсий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини психологик жиҳатдан кузатиб бориш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, уларнинг шахсини шаклланишида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларнинг олдини олиш;
психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш ишларини тубдан яхшилаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис, коррекцион-ривожлантирувчи, психопрофилактика ва психологик маслаҳат ишлари самарадорлигини ошириш;
педагогик жамоаларда соғлом психологик муҳитни яратиш
ва қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларининг ҳиссий-эмоционал ҳолатларини, шахслараро муносабатларни ва зиддиятли хатти-ҳаракатларни коррекциялаш, уларнинг психологик маданиятини юксалтириш;
таълим жараёни барча субъектларининг психологик саломатлигини муҳофаза қилиш, ўқувчилар ва педагогик жамоаларда, ўқувчилар оилаларида соғлом психологик муҳитни сақлаш бўйича чоралар белгилаш, келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг энг мақбул ечимларини топиш, аниқланган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг индивидуал-психологик, физиологик хусусиятлари ва қизиқишларини ўрганиш, қобилиятларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шароит яратиш;
ўқувчиларнинг туғма лаёқати, қизиқишлари, қобилияти ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида тўғри касб-ҳунар танлашларига кўмаклашиш;
ўқувчиларнинг шахсий ва ижтимоий ривожланишини кузатиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва психологик-педагогик ташхис қилиш орқали уларнинг таълим-тарбия жараёнига, ижтимоий-касбий муҳитга самарали мослашувини таъминлаш;
педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг
психологик-педагогик билимларини оширишга кўмаклашиш;
ижтимоий муаммолари, хулқида салбий таъсирларга мойиллиги мавжуд болалар ва ўсмирларни психологик кузатиб бориш, уларнинг
хулқ-атвор мотивларини ўрганиш, таълим муассасасининг ижтимоий муҳитига мослаша олмаслик ҳолатларини коррекциялаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;
ахборот-психологик хуружларнинг хавфи, интернетнинг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган “оммавий маданият”нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш;
ўқувчиларнинг таълим ва тарбияси, ўқувчи-ёшлар хулқидаги мойилликлар, шахснинг оилага ва жамиятга мослашуви, ижтимоий муаммолари бўйича психолог ва педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш.











