DW нашрининг AFP агентлигига таяниб хабар беришича, Франция ички ишлар вазири Лоран Нунес 30 сентябр куни намойишлар 356 та мактабни қамраб олганини маълум қилган. Бир кун аввал уларнинг сони 338 та бўлган.

Норозиликлар бошланганидан буён 625 киши ушланган. Тўқнашувларда 83 нафар полиция ва жандармерия ходими жароҳатланган.

Франция Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган ҳафтадан буён 119 нафар ўқувчи ва 34 нафар мактаб ходими ҳам жабрланган. Вазир Эдуар Жеффре вазиятни «таълим соҳасида мисли кўрилмаган ҳолат» деб атаган.

Намойишлар дастлаб Париж ва унинг атрофини қамраб олувчи Ил-де-Франс ҳудудида бошланган, кейин эса мамлакат бўйлаб тарқалган.

Юқори синф ўқувчилари синфларда болалар сони ҳаддан ташқари кўплиги, педагоглар етишмаслиги, таълим муассасаларининг ёмон аҳволи ҳамда, уларнинг фикрича, дарс жадвали ўта тиғизлигидан норози.

Айрим йирик шаҳарларда намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланган. Баъзи ҳолатларда намойишчилар тош ва ёнувчи аралашма солинган шишалардан фойдаланган. Полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Франция президенти Эммануэл Макрон кўплаб ёшларнинг «хавотири ва ғазабини» тушунишини билдирган. Бироқ у бу муаммоларнинг ҳеч бири зўравонликни оқламаслигини таъкидлаган.

Ҳукумат ўқувчилар ўз хавотирлари ва талабларини билдириши учун мулоқот платформасини ташкил этишини эълон қилган. У 6 октябрдан кечикмай ишга тушиши керак. Шундан сўнг расмийлар вазиятни умуммиллий миқёсда таҳлил қилишни режалаштирмоқда.

«Қандай бўлмасин, ўқувчиларимизнинг дарсларга қайтишига эришишимиз керак», — деган таълим вазири.

AFP қайд этишича, сўл популистик «Бўйсунмас Франция» партияси ўқувчиларнинг норозилик ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда. Партия етакчиси Жан-Люк Меланшон ўз сиёсий кучи зўравонликсиз намойишларга чақираётганини билдирган.