DW хабарига кўра, Франция ички ишлар вазири Лоран Нунес 2 октябр куни TF1 телеканали эфирида намойишлар давомида ушланганлар сонини маълум қилган.

Таълим вазирлиги эса мамлакатдаги 3 700 та ўрта мактабдан 564 тасида иш ташлашлар ва тўсиб қўйиш ҳолатлари қайд этилганини билдирган.

Таълим вазири Эдуар Жеффренинг BFMTV эфирида айтишича, тартибсизликлар оқибатида 65 нафар мактаб ходими, жумладан, 40 нафар директор жароҳатланган. Юздан ортиқ мактаб биносига зарар етказилган.

Вазир намойишлар кенгайишини ижтимоий тармоқлар билан боғлади

Ички ишлар вазири норозилик ҳаракатларининг кўламини катта ва кутилмаган деб баҳолаган.

У намойишларнинг тез ёйилишини, жумладан, ижтимоий тармоқлар ҳамда ўқувчилар чиқишларини қўллаб-қувватлаётган сўл популистик «Бўйсунмас Франция» партияси таъсири билан боғлаган.

Нунеснинг таъкидлашича, зўравонлик билан боғлиқ вазият ташкилотчилар назоратидан бутунлай чиқиб кетган.

Белфорда полициячига ҳужум қилинди

2 октябр куни Франция шимоли-шарқидаги Белфор шаҳрида олинган видео кенг эътиборга тушган. Унда полиция ходимини ерга йиқитиб, тепкилашаётгани акс этган.

Ички ишлар вазирининг маълумотига кўра, полициячи ҳужум оқибатида ҳушини йўқотган ва шифохонага ётқизилган. Кейинчалик унинг аҳволи жиддий хавотир уйғотмаётгани билдирилган.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган. Белфор прокурори тергов доирасида 17 ёшли ўсмир ушланганини маълум қилган. Бироқ унинг ҳужумдаги аниқ роли ҳозирча белгиланмаган.

Ўқувчилар нимадан норози?

Дастлабки норозилик акциялари 21 сентябр куни Париж яқинидаги Кретей шаҳрининг Сент-Экзюпери лицейида бошланган. Кейин улар мамлакат бўйлаб тарқалган.

Юқори синф ўқувчилари синфларда ўқувчилар ҳаддан ташқари кўплиги, ўқитувчилар етишмаслиги ва таълим муассасаларининг ёмон ҳолатидан норози. Шунингдек, улар дарс жадвали ҳаддан ташқари тиғиз эканини айтмоқда.

Айрим йирик шаҳарларда норозилик акциялари полиция билан тўқнашувларга айланган. Баъзи ҳолатларда намойишчилар тошлар ва ёнувчи аралашма солинган шишалардан фойдаланган. Полиция эса жавобан кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.