Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда минерал ўғитларни сотишнинг бозор механизмларини жорий этиш, кимё саноати корхоналарининг қарздорликларини реструктуризация қилиш юзасидан кўрилган чоралар уларни молиявий соғломлаштириш ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини оширишга имкон бергани қайд этилган.

Шу билан бирга, кимё тармоғини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш учун инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб қолинаётганлиги, хусусан, инвестициявий жозибадорликнинг пастлиги ва тармоқни ривожлантириш учун ўз маблағларининг етарли эмаслиги хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий қилиш имконини бермаяпти, бунинг оқибатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотда минерал ўғитлар улушининг юқори эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Кимё тармоғини янада диверсификация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, етакчи хорижий институтларни жалб қилган ҳолда замонавий илмий ва лойиҳа базасини яратиш, шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида республика кимё тармоғини янада ривожлантириш ва диверсификация қилишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

•  углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида иқтисодиёт тармоқлари ва жаҳон бозорида талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли кимё маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш;

•  республиканинг минерал ўғитларга бўлган талабини қондириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолият юритаётганларини модернизация қилиш;

•  кимё саноати корхоналарининг устав капиталида давлат иштирокини қисқартириш, тармоққа тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, тармоқ корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш орқали базавий маҳсулотларни қайта ишлашни чуқурлаштириш;

•  фанни ва соҳавий илмий тадқиқотларни фаол ривожлантириш, шунингдек, биринчи навбатда, углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлашга қаратилган илғор илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш;

•  лойиҳа-инжиниринг ишлари ва диагностика тадқиқотлари сифатини ошириш, кимё ва кимё технологияларининг барча йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини ташкил этиш.