189 кишининг ўлимига сабаб бўлган Индонезиядаги Boeing 737 MAX 8 самолётининг қулаши янги авлоддаги Boeing самолётлари ичида биринчиси бўлди. Турли версиялардаги MAX самолётлари энди-энди авиакомпанияларга етказиб берилмоқда.

Маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишларича, Lion Air авиакомпаниясига тегишли лайнер Жакарта аэропортидан Панкалпинанг томон қилган парвозидан 13 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолган. Бунгача самолёт экипажи аэропортга қайтиш учун рухсат сўраган.

Фото: wikipedia

Lion Air Group бош директори Эдвард Сираитнинг Reuters’га билдиришича, ушбу лайнерда техник муаммолар аввал ҳам кузатилган: Балидан жакарта томон учганда ҳам носозликлар кўзга ташланган. Сираит барча носозликлар ўшанда бартараф этилганини айтиб ўтган эди.

Сираит носозлик айнан нимада намоён бўлганига аниқлик киритмаган, бироқ Lion Air’нинг бошқа самолётларида бундай муаммо йўқлигини айтган. Айни пайтда компания 11 та ​Boeing 737 MAX 8 самолётларидан фойдаланмоқда, Lion Air улардан воз кечмоқчи эмас. Ява ороллари соҳилига яқин қулаган Boeing 737 MAX 8 шу йилнинг август ойидан буён парвоз қилаётган эди.

Фото: wikipedia

Lion Air — Индонезиянинг энг йирик (жами парвозларнинг 45 фоизи) ҳамда бюджет авиакомпанияси ҳисобланади. Компания ихтиёрида 118 та самолёт бор. Шуларнинг 11 таси Boeing 737 MAX 8 самолётларидир. Компания шу русумдаги самолётдан яна 90 та буюртма қилган.

Индонезия ҳукумати ҳалокат сабабини ошкор этмаяпти. «Самолёт шу қадар замонавийки, у ҳамма маълумотни юборишга улгурган, биз уларни синчиклаб ўрганиб чиқамиз. Лекин барчасига ойдинлик киритадиган асосий нарса — қора қутидир», — деган Индонезия транспорт хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Сорянто Тяхёно.

Фото: BNPB Indonesia

Boeing 737 MAX — бу энг сўнгги русумдаги самолётларнинг янги авлоди бўлиб, техник характеристикалари бўйича 6 минг донадан кўпроқ ишлаб чиқарилган Next-Generation авлодидаги Boeing 737 самолётларидан устунлик қилади. MAX ёқилғини кам сарфлайди (14 фоизга), ҳаво қаршилигини қисқартиради, шунингдек, унинг зарарли тутун ва шовқин чиқариш даражаси кескин пасайтирилган.