Reuters хабарига кўра, сертификатлаш жараёнининг якунланиши Boeing учун муҳим босқич бўлди. Компания 2020-йиллар бошидан бери MAX 10ʼга сертификат олишга ҳаракат қилиб келаётган эди, бироқ самолётни бозорга чиқариш муддати бир неча бор сурилди.

Boeing янги моделни молиявий тикланишининг муҳим манбаларидан бири сифатида кўрмоқда. Авиация соҳасига ихтисослашган IBA таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, авиакомпаниялар MAX 10 учун 1550 дан ортиқ буюртма берган. Ушбу модел Boeing’нинг 737 оиласи бўйича ҳали бажарилмаган буюртмалари портфелининг 31 фоизини ташкил этади.

MAX 10 компаниянинг тор фюзеляжли йўловчи самолётлари бозорида Airbus билан рақобатида ҳам муҳим ўрин тутади. Сертификатлашдаги кечикишлар даврида Европа ишлаб чиқарувчисининг A321neo модели йирик тор фюзеляжли самолётлар сегментида ўз мавқеини мустаҳкамлаган.

Янги лайнернинг асосий буюртмачилари орасида United Airlines, Alaska Airlines, Ryanair, Delta Air Lines ва American Airlines бор. Кўпроқ йўловчи ташиш имконияти ушбу авиакомпанияларнинг паркни ривожлантириш режалари учун аҳамиятли ҳисобланади.

Boeing аллақачон бир нечта MAX 10 самолётини қуриб қўйган. Улар буюртмачиларга етказиб берилишини кутмоқда.