Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциациясининг (AIBA) 2018 йилги Конгресси очилди. Kun.uz мухбири хабар беришича, унда AIBA президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ўзининг қарийб бир йиллик фаолияти юзасидан маъруза қилди.

«Январь ойида AIBA вақтинчалик президенти лавозимини эгаллаганимдан сўнг, менинг фаолиятимдаги устуворлик AIBA ва боксни биз муносиб бўлган даражага қайтаришга йўналтирилганди. Ўтган тўққиз ой мобайнида биз катта муваффақиятларга эришдик. Мен ташкилотимизда ва спортимизда муҳим ислоҳотларни амалга оширдим. Гарчи бу жуда қийин бўлган бўлса-да, биз ижобий натижаларни бера бошлаган муҳим ислоҳотларни бошладик», - деди Ғофур Раҳимов.
Шунингдек, Ғ. Раҳимов янги ислоҳотлар дастури ҳақида маълумот берди. Бундай режа динамик ривожланиш ва AIBA ҳамда Олимпия боксида ижобий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.
«Биринчиси - шаффофлик, самарадорлик ва ҳурматга қаратилган янги бошқарув фалсафаси йўлга қўйилди. Ислоҳотларимиз дастуридаги муҳим қадам - AIBA’ни профессионал ва замонавий ташкилотга айлантириш. Самарали бошқарув амалиётларини жорий этишга устуворлик қаратилади. Демократия, ошкоралик ва яхлитлик ташкилотимизнинг бошқарув жараёнларига муваффақиятли интеграция қилинди.
Иккинчиси - Президент ваколатларини сезиларли даражада қисқартириб, унинг кўплаб ҳуқуқ ва имтиёзларини AIBA Ижроия қўмитаси аъзоларига топшириб, Уставимизда муҳим ўзгартиришларни амалга оширдик. Ижроия органини такомиллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. AIBA энди бир одамнинг иродаси ва истагига боғлиқ эмас. Энди бизда назорат механизмлари бор.
Учинчиси - гендер тенглигида ислоҳотларни татбиқ этдик. Аёлларнинг бизнинг спортда иштирок этишига кўмаклашиш ва рағбатлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Ҳам рингда, ҳам сайлов ва бошқарув даражаларида. Жорий йилда AIBA гендер тенглиги бўйича биринчи Форум ўтказилиши ташаббуси билан чиқдик, у «Боксдаги хилма-хиллик» дастури доирасида молиялаштирилди. Бундан ташқари, биз AIBA Ижроия қўмитаси таркибида гендер балансини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрдик. Ҳозирда камида 6 нафар аёл унга кириши кафолатланган. «Аралаш жуфтлик бокси» деб номланган бокс бўйича янги мусобақалар шакли таклиф этилди.










