Тарих саҳнасида 74 йил ҳукм сурган советларда ҳокимиятдан кетган инсонлар аксарият ҳолларда душманга чиқарилган. Бу ишдан мамлакатнинг ичида ва ташқарисида осойишталик ҳамда хавфсизлик учун масъул бўлган НКВД ташкилоти ҳам мустасно бўлмаган.
Масалан, 1936 йилда НКВДни бошқариб турган Генрих Ягода ишдан бўшатилади ва кўп ўтмай душман деб эълон қилинади. Унинг ўрнига Николай Ежов ўтиради. 1937 йилда Ягода суд ҳукми билан отиб ташланади.
1938 йилда Ежов вазифасидан озод қилинади ва унинг ўрнига Лаврентий Берия НКВД раҳбари бўлади. Кўп ўтмай Ежов ҳам халқ душмани деб эълон қилинади ва отиб ташланади. 1953 йилда навбат Берияга келади. У ҳам ҳибсга олинади ва чет эл жосуси бўлганликда айбланади.
Сталиннинг яқин ошнаси
Бериянинг ҳаётини икки қисмга бўлиш мумкин. НКВДга раҳбар бўлган йиллари ва унгача бўлган давр. Берия ҳам Сталин каби Гуржистонда туғилган эди. У болшевиклар сафига 1915 йилда қўшилади ва тарихда «Октябр инқилоби» деб аталган давлат тўнтаришидан сўнг Кавказда турли лавозимларда ишлайди.
Берия ва Сталиннинг биринчи учрашуви ҳақида турли маълумотлар бор. Айримлар улар илк бор 1921-1922 йилларда кўришган деса, бошқалар Берия ва Сталиннинг илк учрашуви 1924-1925 йилларда бўлиб ўтган, дейди.
Уларнинг дўстона алоқалари эса 1931 йилда бошланади. Ўшанда Сталин Гуржистондаги шифобахш сувли санаторияда дам олиш учун боради. Шунда Гуржистон НКВДни бошқариб турган Берия Сталин хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлади.

Кўп ўтмай Москвага қайтган Сталин Берия номзодини Гуржистон Компартияси марказий қўмитаси иккинчи котиби лавозимига тавсия қилади. Шунда Гуржистон раҳбари бўлиб турган Лаврентий Картвелишивили «Бу фирибгар, товламачи билан бирга ишламайман», дейди ва истеъфога чиқади.
Сталин ўйланиб ҳам ўтирмайди ва Берияни Гуржистон раҳбари этиб тайинлайди. Орадан бир йил ўтгач Берия бир вақтнинг ўзида Кавказорти совет социалистик республикаси раҳбарига айланади. 1937 йилда унга учинчи лавозим – Тбилиси шаҳар раҳбарлигини ҳам топширишади.
1938 йилда Сталин Берияни Москвага чақириб олади ва ишдан ҳайдалган Ежовнинг ўрнига НКВД раҳбари этиб тайинлайди. Берия Сталин билан унинг вафотигача дўстона алоқаларни сақлаб қолади. Шу сабабли ҳам у 1937 йилдан бошланган ва Сталин вафотигача давом этган қатағонлардан омон қолади.










