Трампнинг сўзларига кўра, миграция сиёсати унга «ҳам ёрдам берди, ҳам зарар етказди». Чегара хавфсизлиги бўйича у, ўз баҳосига кўра, «аъло» (беш плюс) баҳога лойиқ, шунингдек, унинг таъкидлашича, сайловчилар «ёмон одамлар»нинг мамлакатдан чиқариб юборилишини ҳам юқори баҳолаган. Бироқ президентнинг тан олишича, яхши иш жойига эга, ягона қоидабузарлиги мамлакатга ноқонуний кириш бўлган одамларнинг ҳибсга олиниши норозилик уйғотган.

Трамп шундай деди:

«Мамлакат аҳолисининг салмоқли қисми уларни ҳайдаб чиқариш керак деб ҳисоблайди. Яна бир катта қисми эса, агар улар ободонлаштириш компаниясида, меҳмонхонада ёки бошқа бирор жойда ишлаётган, баъзан солиқларни ҳам тўлаб келаётган яхши одамлар бўлса, уларга қолишга рухсат берилиши керак, деган фикрда. Менимча, бу [аввалги сиёсат] жуда кескин бўлди».

Оммавий депортациялар Трампнинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири бўлган эди. АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) бюджет ҳужжатларида йилига бир миллион кишини мамлакатдан чиқариб юбориш мақсади кўрсатилган. Бунинг учун Конгресс ушлаб турилганларни сақлашга қарийб 45 миллиард доллар, ICE депортациялар сонини ошириши ҳамда кўпроқ ходимларни ишга ёллаши учун эса деярли 30 миллиард доллар ажратди.

Migration Policy Institute маълумотларига кўра, Трамп иккинчи муддатининг дастлабки 18 ойида Ички хавфсизлик вазирлиги 980 минг кишини депортация қилган. Бунда чиқариб юборилганларнинг 69 фоизи дастлаб чегарада қўлга олинганлар бўлган. Ҳибсга олишларнинг ўзи эса тобора кўпаймоқда: июль ойида ICE қарийб 50 минг кишини қўлга олди, бу иккинчи муддат давомидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Жамият бу сиёсатга турлича баҳо бермоқда. Fox News’нинг январь ойидаги сўровида респондентларнинг 52 фоизи Трампнинг чегарани ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини маъқуллаган, бироқ унинг бутун миграция сиёсатини ёқлаганлар 45 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат унинг интервьюда айтган сўзларига ҳам мос келади: у чегара масаласида ўзига «аъло плюс» баҳо қўйган, лекин иш жойига эга ва судланмаган инсонларнинг ҳибсга олиниши эса аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Marist сўровига кўра, америкаликларнинг 65 фоизи ICE «ҳаддидан ошиб кетди» деб ҳисоблайди. Республикачилар орасида эса кўпчилик ҳамон унинг сиёсатини қўллаб-қувватламоқда.