АҚШ Давлат департаменти «Адолат учун мукофот» дастури доирасида Эроннинг ядро дастурига оид маълумотлар учун катта миқдорда пул тўлашга тайёрлигини эълон қилди. Америка томони «объектлар, ускуналар ва жалб этилган ходимлар», жумладан, олимлар ҳақидаги маълумотларга қизиқиш билдирмоқда. Махсус хизматлар, шунингдек, АҚШ зарбаларидан сўнг ускуналар ва ходимлар қаерга кўчирилган бўлиши мумкинлигини ҳам аниқлаш ниятида.
Маълумотларни шифрланган Signal мессенжери ёки Давлат департаменти дастурининг аноним онлайн канали орқали юбориш мумкин. Пулдан ташқари, зарур ҳолларда ахборот берувчиларга бошқа давлатга кўчиб ўтишда кўмаклашиш ҳам ваъда қилинмоқда.
Давлат департаменти ушбу ташаббусни Эрон ядро дастурининг ҳолати бўйича ишончли маълумотлар етишмаслиги билан изоҳлади. Теҳрон ХАЭА олдидаги мажбуриятларини бажармаётгани сабабли инспекторлар асосий компонентлар, жумладан, центрифугалар ишлаб чиқарилиши ҳамда уларнинг захираларини кузатиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Давлат департаменти маълумотларига кўра, Эрон уранни 60 фоизгача бойитган. Ядро қуролини яратиш учун эса тахминан 90 фоизлик даража талаб этилади. Экспертлар баҳолашича, мавжуд захиралар янада бойитилса, потенциал равишда бир нечта жанговар каллакка етиши мумкин.








