Жаҳон | 08:51 / 15.11.2018
7094
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 2001 йилдан бери урушларга деярли 6 триллион доллар ажратгани маълум қилинди 

Фото: AFP

АҚШ охирги 20 йил ичида ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун 5,9 трлн долларга яқин маблағ сарфлаган. Бу урушлар оқибатида деярли ярим миллион киши ҳалок бўлган. Бундан Браун университети професссори Нета Крауфорд олиб борган тадқиқот натижалари гувоҳлик бермоқда.

Университет сайтида жойлаштирилган докладда таъкидланишича, умумий суммага Пентагон сарфлаган пуллардан ташқари, Давлат департаменти томонидан қилинган харажатлар, уруш фахрийлари парваришига ажратилган харажатлар, уруш учун қарзлар бўйича фоизлар, терактларнинг олдини олиш ва уларга ички хавфсизлик вазирлиги томонидан жавоб беришга сарфланган маблағлар киради.  

Крауфорднинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу жанговар ҳаракатлар оқибатида 480 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, улардан 244 мингини тинч аҳоли ташкил қилган. 10 млнга яқин одам яшаш жойини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Олиманинг фикрича, жанговар ҳаракатлар 2023 йилгача тугаши ҳисобга олинса, харажатлар умумий қиймати қарзлар бўйича фоизларсиз камида 6,7 трлн долларга етади.

2018 йил мартда Пентагон 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин Вашингтон урушлар олиб боришга 1,5 трлн доллар сарфлагани ҳақидаги маълумотни келтирганди. Бироқ Крауфорднинг фикрича, бу қиймат харажатнинг бир қисми, холос. 

Мавзуга оид