Ўзбекистон | 18:08 / 28.11.2018
24775
2 дақиқада ўқилади

ФВВ ​«Қамчиқ» довонида​ги йўл ҳаракати тирбандлиги сабабини маълум қилди

Фото: KUN.UZ

«Қамчиқ» довонида йўл тирбандлигига сабаб бўлувчи омиллар таҳлил этилганда, қайд этилган ҳолатларнинг 95 фоизига меъёрдан ортиқча юк билан ҳаракатланаётган автомобиллар таъсир қилаётгани аниқланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Қамчиқ» махсус-қутқарув бошқармаси бошлиғи Ҳасан Бобонов Kun.uz'га маълум қилди.

«Юкни ортиқча ортиб олгани ҳам майли, уларнинг яроқсиз шинасини ҳам айтмаймиз, энг қизиқарлиси, айрим машиналарнинг ёқилғиси тугаб, йўлда тўхтаб қолиш ҳолатлари ҳам учрайди. Тоғли ҳудуд орқали ҳаракатлангандан кейин қўшимча ёқилғи билан довонга кўтарилиш керакку. Ҳайдовчилар бу масалага эътибор қаратса, фойдали бўларди», - дейди бошлиқ.

Бобоновнинг айтишича, жорий йилнинг 22-24 ноябрь кунлари бир ойда ёғиши кутилган қор ҳажмидаги ёғин кузатилган. Бундай пайтда ҳаракатнинг секинлашиб қолиши табиий. Агар довонда қор кўчиши хавфи пайдо бўлса, аввалдан фуқаро муҳофазаси бўйича тайёрланган буйруққа кўра, ҳаракатланиш кўрсатмалари мавжуд.

ФВВ Тезкор бошқармаси бошлиғи Мухтор Мухитдиновга кўра, довоннинг ҳар икки тарафида ҳам тарозилар ўрнатилмоқда.

«Тарозини ўрнатишдан мақсад - меъёрдан ортиқча юк ортиб олган воситаларни аниқлаш. Шундай ҳолат аниқланса, иккита ечим бор: белгиланган тўлов билан йўлда давом этиши мумкин ё юкларни камайтириб, бошқа машинага ортиши шарт. Меъёрдан ортиқча юк олган автомобиллар нафақат йўл ҳаракатига, балки йўл қоплама сифатига ҳам салбий таъсир қилмоқда», - дейди у.

Мавзуга оид