Чемпионлар Лигасида навбатдаги тур якунланди, мухлислар бу сафар ҳам бир қатор қизиқарли учрашувлар, чиройли голлар ва муҳими, сўнгги тур олдидан юзага келиши мумкин бўлган турли сценарийларга эга бўлишди.

5 турдан кейин 12 жамоа расман кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Охирги турда яна 4 йўлланма эгалари аниқ бўлади, бу йўлланмаларга 7 даъвогар клуб қолган - «Тоттенҳэм», «Интер», «ПСЖ», «Наполи», «Ливерпуль», «Лион» ва «Шахтёр». Қўйида жамоаларнинг имкониятлари ҳақида батафсил ўқишингиз мумкин.

А ГУРУҲИ

Бу гуруҳда плей-оффга чиққан жамоалар ҳам, Европа Лигасига йўлланма берувчи юпатувчи ўрин эгаси ҳам расман маълум. «Брюгге» баҳорда иккинчи даражали еврокубокда ўйнайди, «Монако»нинг халқаро майдондаги иштироки якунланди. Сўнгги тур аниқлик киритиши керак бўлган ягона масала – гуруҳдаги 1-ўрин кимга насиб этади?

Дортмундликлар «Брюгге»ни енга олмай, бу ўринни бой бериб қўйишди ва энди катта эҳтимол билан мадридликлар вазиятни қўлдан чиқармайди. Хуллас, сўнгги турда «Атлетико» ва «Боруссия» бир хил очко қўлга киритадиган бўлишса, турнир жадвали ўзгаришсиз қолади. Мабодо, немислар ютиб, «Атлетико» очко йўқотса, «Боруссия» 1-ўринга чиқиб олади. Сабаби, ўзаро ўйинлардаги устунлик айнан Дортмунд клуби тарафида. 

6-тур. Брюгге – Атлетико, Монако - Боруссия


В ГУРУҲИ

«Тоттенҳэм»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси лондонликларни нафақат 2-ўринга олиб чиқди, шу билан бирга, ўзаро ўйинларда «Интер»дан устунликни таъминлади. Миландаги ўйин 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди - лондонликлар сафардаги гол устунлигига эга.

Аммо бу вазифанинг ярми. «Тоттенҳэм» ҳозирги ўрнини сақлаб қолиши учун «Камп Ноу»да ғалаба қозониши керак бўлади. Чунки, ўз майдонида «ПСВ»ни қабул қиладиган «Интер» уч очкони қўлга киритиши ҳақиқатга яқинроқ. Хўш, гуруҳда 1-ўринни муддатидан олдин нақд қилган «Барселона» сўнгги турда қандай мотивация билан тушади? В гуруҳидаги асосий савол шу ерда ва вазифани бажариб бўлган каталонияликлар ҳамон бу гуруҳда бош қаҳрамон образида қолмоқда.

6-тур. Барселона – Тоттенҳэм, Интер - ПСВ