Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичи 3-тури доирасида «ПСЖ» ва «Барселона» ўртасида кечган ўйин (4:2) жароҳатларга бой бўлди. Ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ ҳар икки жамоа бош мураббийлари Луис Энрике ва Ҳанси Флик Усмон Дембеле ва Дани Олмодаги жароҳат туфайли биттадан мажбурий алмаштиришга қўл урганди. Иккинчи бўлимда эса Хвича Кварацхелия жиддий жароҳат олди. Гуржистонлик вингер тиззасидаги жароҳат туфайли ўйинни давом эттира олмади. Бугун парижликлар клуби матбуот хизмати ушбу футболчининг ўнг тиззасидаги хочсимон пайлари узилиб кетганини маълум қилди.
Майдонни мустақил тарк этолмади
Футболчи ўйиннинг 57-дақиқасида Хвича Кварацхелия рақиб ҳимоячиси Хави Эспарт билан тўқнашувдан кейин газонга ноқулай ҳолатда йиқилди.

Аввалига бу тўқнашувдан испаниялик ҳимоячи кўпроқ азият чеккандек кўринганди.


Аммо Эспарт ўрнидан турди ва ўйинни давом эттирди, Кварацхелия эса ўнг тиззасини ушлаганча газонда ётиб қолди.


59-дақиқада Луис Энрике ўз вингерини Магнес Аклиушга алмаштирди. Хвича майдонни мустақил тарзда тарк этолмади: уни тиббиёт штабининг икки ходими елкалаб, трибуналар остига олиб кетди. Кадрларда футболчи ўнг оёғини боса олмаётганини кўриш мумкин эди.
Ўйин вақтидаёқ Кварацхелиянинг тиззасидаги хочсимон пайлари узилиб кетгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Испаниялик физиотерапевт Анхел Вилянуэва эпизод видеоёзувини ўрганиб чиқиб, тикланиш тўққиз ой вақт олишини тахмин қилди.

«Тўқнашувда ўнг тиззанинг маҳкамланган оёқ кафти билан ичкарига мажбурий оғиши аниқ кўринади. Бундай механизм олдинги хочсимон ва ички ён бойламларнинг биргаликда шикастланишига хосдир. У тўққиз ойгача майдонга туша олмаслиги мумки», – дея ёзган Вилянуэва ижтимоий тармоқларда.


















