Парижликлар кузнинг энг муҳим ўйинида ғалабага эришди, аммо жиддий йўқотишларга учради; Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ ўйнаган, Ҳоланд захирадан ҳам тушмаган ўйинда «Сити» 5 та гол уриб ғалаба қозонди; «Ливерпул» эса 7 гол урилган ўйинда камбэк амалга оширди; Раҳмоналиев ва жамоаси «Боруссия»га ютқазди.

«Барса»нинг ғалабали серияси тўхтатилди

«ПСЖ» – «Барселона» 4:2
Голлар: Дуэ, 38 (1:0). Эспарт, 55 (1:1). Эрнандез, 72 (2:1). Ямал, 79 (2:2). Витиня, 81 (3:2). Руис, 87 (4:2)
«ПСЖ»: Сафонов, Маркиниос (Забарний, 59), Пачо, Эрнандез (Маюлу, 78), Ҳакими, Руис, Витиня, Жоау Невеш, Кварацхелия (Аклиуш, 59), Дуэ (Заир-Эмери, 78), Дембеле (Торрес, 20)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу, Эспарт (Балде, 74), Педри (Гави, 60), Бернал (Родри, 60), Олмо (Фермин Лопес, 27), Ямал, Гордон, Рафиня (Адейеми, 60)
Огоҳлантириш: Жоау Канселу, 17

Бу ўйиндан мухлислар кўп нарса кутишаётганди ва жамоалар амалда ҳам томошабоп ўйин намойиш этиб беришди. Хвича Кварацхелия биринчи дақиқадаёқ дарвоза устунини пойлади. Бўлим давомида каталонияликлар посбони Жоан Гарсия жами саккиз сэйв ижро этишига тўғри келди. Парижликлар ўйин якунигача дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалари сонини 14 тага етказишди.

Аммо биринчи бўлимда голлардан кўра жароҳатлар кўп бўлди. Аввалига Усмон Дембеле, унинг ортидан Дани Олмо жароҳат олиб майдонни тарк этди.

Уларнинг ўрнига захирадан тушган Ферран Торрес ва Фермин Лопес эса вазиятларни кўкка совуришди. Фақат бўлим охирларида Дезире Дуэ ўз маҳоратини намойиш этиб, ҳимоячилар қуршовида турган ҳолда қайтариб бўлмас зарба йўллаб, ҳисобни очди.

Иккинчи бўлим бошида эса каталонияликларнинг 19 ёшли ҳимоячиси Ҳави Эспарт ўнг қанотдан олдинга юрди ва ҳисобни тенглаштирди. Ўтказилган гол ортидан мезбонлар кетма-кет ёқимсиз ҳолатларга дуч келишди. Маркиниос ва Хвича жароҳат олиб майдонни тарк этишди. Гуржистонлик вингернинг жароҳати жиддий экани ва у мавсум охирларига қадар сафга қайта олмаслиги айтилмоқда.