Энг яхши фараларга эга машиналар маълум қилинди
АҚШнинг йўл хавфсизлиги суғурта институти (IIHS) маълумотларига кўра, ташкилот томонидан 2018 йилда синовдан ўтказилган автомобилларнинг ярмидан кўпининг фаралари йўлни етарлича ёритмайди ва қарши йўналишдан келаётган ҳайдовчилар кўзини қамаштиради. Синовлар натижаларига кўра, 165 та моделдан 32 тасигина энг юқори баҳо олган.
IIHS фараларни синовдан ўтказишни 2016 йилда бошлаган. Синовларда 31 та модел ва 82 та вариантдаги ёруғлик техникаси иштирок этган. Ўшанда Toyota Prius моделининг узоқни ёритиш нурини автоматик бошқариш функциясига эга ёруғлик-диодли фаралари энг яхши, BMW 3-Series’нинг фаралари эса энг ёмон деб топилганди. Ўша йилнинг июнида ўтказилган кейинги синовларда Honda HR-V энг яхши оптикага эга деб топилган. Энг ёмон фаралар эса Mazda CX-3’да эканлиги қайд қилинган.
2018 йилда институт 165 та автомобилни ва 424 та вариантдаги ёруғлик техникасини текширувдан ўтказган. 32 та модел “яхши” баҳо, 58 таси “қониқарли”, 32 таси “паст” баҳо ва 43 таси энг паст баҳо олган. Шу тариқа, синалган автомобилларнинг 67 фоизи фаралари амалдаги хавфсизлик талабларига мос келмаган. Энг юқори баҳоларни Genesis G90 ва Lexus NX моделлари олган. Chevrolet Volt, Genesis G80, Mercedes-Benz E-Class ва Toyota Camry моделларининг фаралари “яхши”, Honda HR-V, Toyota C-HR ва Infiniti QX60 фаралари энг ёмон деб топилган.
Қуйида 2018 йилда фаралари учун “яхши” ва “қониқарли” баҳо олган автомобиллар келтирилган.
IIHS синовлари куннинг қоронғи қисмида ўтказилади. Махсус сенсорлар ёрдамида ҳар бир турдаги фаралар учун тўғри кетаётганда ва бурилишнинг 4 та туридаги (чап ва ўнг бурилишлар, оҳиста ва кескин бурилишлар) нур миқдори ўлчанади. Бу синовларда олинган юқори баҳолар IIHS’нинг краш-тестларида энг яхши натижалар кўрсатган машиналарга энг олий мукофот Top Safety Pick+’ни олишга имкон беради.