Жамият | 16:06 / 08.12.2018
40605
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги телеканал ташкил этиш таклифи берилди

Фото: Shutterstock

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Ҳуқуқ” телеканалини ташкил этиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

“Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “Ҳуқуқ ТВ” — ҳуқуқий саводхонлик телеканалини яратишни таклиф этаман”, - дейилади мурожаатда. 

Қайд этилишича, кундан кунга қонунчилик тизими такомиллашиб, янгидан-янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳуқуқий телеканал аҳолини янги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириб, шарҳлаб бериши фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширади. 

“Зеро, ҳозирда телевидение энг кенг тарқалган ахборот воситаси бўлиб қолмоқда. Шу сабабдан: 

- аҳолини янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида мунтазам хабардор қилиб бориш ва уларнинг малакали мутахассислар иштирокида таҳлилий муҳокамасини намойиш этиш; 
- ёшларда қонунларга ҳурмат ҳиссини уйғотиш мақсадида туркум дастурлар тайёрлаш; 
- фуқароларнинг ҳуқуқий саволларига жавоблар бериш мақсадида малакали ва юқори нуфузга эга бўлган амалиётчи юристлар, ҳуқуқшунос олимлар иштирокида жонли суҳбатларни ташкил этиш; 
- истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари, давлат органлари фаолиятида аҳоли учун яратилаётган имкониятлар, ўзгаришлар ва бошқалар ҳақида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрловчи телеканални ишга тушириш мақсадга мувофиқ”, - деб ёзади петиция муаллифи.

“Бу таклиф амалга ошса, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳар бир хонадонга етиб боради ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш имконияти пайдо бўлади”, - дейилади мурожаатда.

Мавзуга оид