DW хабарига кўра, Halk TV 14 октябр куни эрталаб таҳририятга терроризм, уюшган жиноятчилик ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлинмалари ходимлари кирганини маълум қилган.
Телеканал журналистларининг айтишича, полиция бинода тинтув бошлаган, ходимлар эса иш жойларига киритилмаган.
Ҳукумат Halk TV’га вақтинча бошқарувчи сифатида Туркия Омонатларни суғурталаш жамғармасини тайинлаган. Телеканал эфири устидан назорат ҳам ушбу тузилмага ўтади.
AP агентлиги маълумотига кўра, прокуратура тинтувлар телеканал раҳбари Жафар Маҳирўғлига қарши иш доирасида ўтказилаётганини билдирган. У пора олиш, тендерларда фирибгарлик ва пул ювишда гумонланмоқда.
Иш бўйича 17 кишини ҳибсга олишга ордер берилган. Хабар эълон қилинган пайтда уларнинг 11 нафари ушланган.
Туркиядан ташқарида бўлган Маҳирўғли айбловларни «асоссиз» деб атаган. У таҳририятдаги тинтув ва телеканалнинг ташқи бошқарувга ўтказилишини сиёсий сабабларга боғлаган. Шунингдек, унинг айтишича, етти нафар қариндоши ҳам ушланган.
dpa агентлиги Halk TV мухолифатдаги Республика халқ партиясига яқин ҳисобланиши ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда унинг Адолат ва тараққиёт партиясини мунтазам танқид қилиб келганини қайд этган.
Бир йил аввал Туркияда бошқа бир мухолиф телеканал — Tele1 ҳам вақтинча ташқи бошқарувга ўтказилган эди. Унинг бош муҳаррири Мердан Янардаг жосуслик айблови билан қамоққа олинган, телеканал назорати эса Омонатларни суғурталаш жамғармасига берилган.















