6 ноябр, жума куни Европадаги бир нечта телеканал таҳририятига электрон почта орқали биноларга портловчи қурилмалар ўрнатилгани ҳақида таҳдидли хабарлар келиб тушди. Reuters агентлигининг ёзишича, мактубларда «Вақт кетди» деган огоҳлантириш бўлган.

Таҳдидлар ходимларни эвакуация қилиш ва телеканаллар эфирини вақтинча тўхтатишга сабаб бўлди.

Хусусан, Ирландиянинг RTE телерадиокомпанияси, Буюк Британиянинг Sky телеканали, Болгариянинг хусусий Nova телеканали ва бошқа оммавий ахборот воситалари шундай огоҳлантиришларни олган.

Бироқ текширувлар давомида уларнинг ҳеч бирида портловчи қурилма топилмаган.

RTE эфирида теледастурлар ўрнига мусиқа ва олдиндан ёзиб олинган хабар қўйилган. Reuters маълумотларига кўра, айрим ҳолларда эфирдаги узилишлар уч соатгача давом этган.

Мактублар «Михаил Андропов» номи билан имзоланган

Reuters агентлиги Nova ва RTE телеканаллари таҳририятларига юборилган мактубдан парча келтирди: «Биз бутун дунё биз ҳақимизда билишини истаймиз. Шунинг учун ходимларимиздан бири сизнинг бинонгизга портловчи қурилма ўрнатди. У 45 дақиқадан кейин портлайди. Вақт кетди».

Сохта таҳдидлар ортида ким тургани ҳозирча номаълум.

Бироқ Reuters таъкидлашича, RTE ва Nova телеканалларига юборилган мактублар «Михаил Андропов» номи билан имзоланган.

Агентлик мазкур фамилия Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг собиқ бош котиби Юрий Андропов фамилияси билан бир хил эканига эътибор қаратган.

Европадаги 19 та самолётга ҳам бомба ҳақида хабар юборилган

Ушбу ҳодисалар Европа мамлакатлари ўртасида қатновчи камида 19 та авиарейсга портловчи қурилмалар ҳақида сохта хабарлар юборилганидан бир сутка ўтиб содир бўлди.

Жумладан, Австрия, Белгия, Болгария, Испания, Италия ва бошқа давлатлар ўртасидаги авиақатновлар таҳдидларга дуч келган.

Самолётлар текширилганда уларнинг ҳеч бирида портловчи модда излари аниқланмаган.

Айрим самолётлар бошқа шаҳарларга йўналтирилган.