Дам олиш кунларида Европа чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари давом эттирилади. Англияда «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида дерби мақомидаги ўйин, Испанияда грандлар кучсиз рақибларга қарши ўйинларда навбатдаги очколарни қўлга киритишга ҳаракат қилишади.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЭВЕРТОН (15 декабрь, 17:30)

«Манчестер Сити» ўз майдонидаги «Эвертон»га қарши ўйини қандайдир ўткинчи учрашувдек кўриниши мумкиндек, аммо баъзи сабаблар борки, айниқса, «Ливерпуль» мухлислари бемалол қўшниларидан мадад кутишлари мумкин.

Биринчидан, ўтган турда «Челси» манчестерликлар устидан ишончли ғалабага эришди ва Гвардиола шогирдларини 2-ўринга тушириб юборди. Иккинчидан эса, «Эвертон» бугунги «Манчестер Сити» учун энг ноқулай рақиблардан биридир. «Этиҳад»да ўтган сўнгги 3 ўйиннинг бирортасида ҳам мезбонлар ғалаба қозона олишмаган. Яна шундай статистикага «Юнайтед» ҳам эга эди, аммо дербида ниҳоят «Сити» уйида ишончли ғалаба қозонди. Умуман, «Эвертон»га қарши ўтган сўнгги 7 ўйиннинг атиги 2тасида «Сити» ғалаба қозонган, холос. Ҳатто Гвардиоланинг илк мавсумида «Эвертон» уйида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Аммо биласизми, 2017 йилнинг январидаги ўша мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» бирор марта ҳам кучли олтиликдан ташқаридаги жамоадан мағлубиятга учрамади. Атиги 7 бор дуранг қайд этди холос. Демак, ўртамиёна жамоаларга қарши жуда ажойиб натижалар қайд этаётган манчестерликларни яна бир бор «Эвертон» синовдан ўтказади.

Де Брюйне, Агуэро каби футболчиларнинг жароҳати гўёки «Сити»га таъсир қилмаётгандек кўринган, ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам жамоа ишлари жойида эди. Аммо Лондондаги ўйин муаммоларни аниқ очиб берди. Айниқса, ҳужум чизиғида Агуэронинг ўрни жуда ҳам билиниб қолди. Бунинг устига Давид Сильва, Фернандиньо, Стоунз каби футболчиларнинг ҳам жароҳатини қўшинг. Гвардиолада муаммолар талайгина. Бунинг устига, ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида баҳс бўлиб ўтди. Аслида ўйин клуб учун у қадар аҳамиятли бўлмаса-да, ротацияни кўнгилдагидек амалга ошириш имкони бўлмади - шундоқ ҳам ижрочилар кам.

«Эвертон»да таркиб борасида муаммолар йўқ. Катта эҳтимол билан кучли рақибга қарши етарлича ноқулайлик туғдирилади. «Эвертон»нинг сўнгги сафар ўйинларига эътибор беринг - «МЮ», «Челси», «Ливерпуль». Гўёки, иложсиз вазиятда Силва шогирдлари ёмон кўринишмади. «Челси» билан ўйинда дуранг қайд этилди, агар Пикфорднинг сўнгги дақиқадаги хатоси бўлмаганда, «Энфилд»дан ҳам очко олиб кетиш мумкин эди. Хуллас, томоша қилса арзийдиган ўйин.