Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, олий ва ўрта махсус таълими вазирининг асосий функционал мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Вазирликка юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширилишини ташкил этиш, Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнини тубдан ва чуқур таҳлил қилиш;

- Вазирлик, унинг тузилмавий ва бўйсунувчи бўлинмалари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришиш юзасидан чора-тадбирларни қабул қилиш;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида ва унинг раёсатида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш жараёнида иштирок этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;

- ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасидаги вазифаларини тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа раҳбар ходимларнинг ваколатларини ва шахсий жавобгарлигини белгилаш;

- Вазирлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини амалга ошириш бўйича самарали тизим яратиш;

- Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий ва бўйсунувчи бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги ПҚ-2881-сон қарорига асосан кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва кўрсатмаларини самарали бажарилиши, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

- Вазирлик ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

- Вазирлик тизимида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, Вазирлик тизимининг кадрлар захирасини шакллантириш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга тақдим этиладиган номзодлар, шунингдек, Вазирликка қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг касбий маҳорати, малакаси, амалий тажрибаси, юқори даражадаги ишбилармонлик ва маънавий сифатлари кафолатини таъминлаш;

- “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупцияни ва бошқа жиноятларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

- “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг талабларига қатъий риоя этиш, фаолият соҳалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

- Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли қўшма қарорлар қабул қилиш;

- Вазирликка тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таклиф ва лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларига қатъий амал қилиш,  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил қилиш;

- таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва уларнинг белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун шахсий масъулиятини ошириш;

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни амалга оширади.

Вазир:

- Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар ижроси;

- Мазкур Низомда назарда тутилган Вазирнинг функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.

Вазир мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.

Вазир ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимларидан озод қилинади ва лавозимига тайинланади.

Вазир бўлмаганда унинг ваколатлари бажарилиши тақсимланган вазифаларга мувофиқ ўринбосарлар томонидан амалга оширилади.

Вазирликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, Вазирлик тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари проректорлари, филиал директорлари ва ўринбосарлари, коллеж, олий мактаб директорлари, ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари Вазир томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосий вазифалари белгиланиши хабар берилганди.