Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни рақамли таълим экотизимини ривожлантириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда 2030 йилгача 5,5 миллион нафар ёшни анъанавий ва масофавий шаклларда ўқитишга қаратилган ёндашувлар кўриб чиқилди.

Мактаб ўқувчилари учун “Ал-Хоразмий ворислари” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаларини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ҳамда хусусий ўқув марказлари имкониятларини бирлаштириш назарда тутилмоқда.

Давлат раҳбари робототехника, компьютер ўйинларини яратиш, стартаплар ва бошқа истиқболли йўналишларда йилига 1 миллион нафар ёшни ўқитиш вазифасини қўйди. Бунинг учун миллий тренерлар корпусини шакллантириш, онлайн таълим платформалари ва қисқа муддатли рақамли курсларни тезроқ ишга тушириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириб, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Тақдимотда олий таълимда тайёрланаётган кадрлар малакасини технологиялар ва меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мослаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Сунъий интеллект, микросхемаларни лойиҳалаш, дрон технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда таълимни ривожлантириш, талабаларнинг амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект бўйича билимларини ошириш ва уларни сертификатлаш, олий таълим муассасалари талабалари учун халқаро рақамли таълим курсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш, хусусий таълим марказларига менторлар тайёрлаш таклифлари маъқулланди.

Илмий тадқиқот ва ишланмаларни таълим билан боғлашга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, олийгоҳларда ўрнатилган тизимлар, микроэлектроника ва буюмлар интернети бўйича мутахассислар тайёрлаш, муҳандислик ишланмалари ва тадқиқот лабораториялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ёшларнинг олган билими меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун “Рақамли ёшлар” платформасини ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилди. Унда таълим, кўникмалар, тил билиш даражаси ва сертификатлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, ёшларга мос бўш иш ўринларини таклиф қилиш ҳамда уларнинг бандлигини кузатиб бориш кўзда тутилмоқда.

Рақамли таълимга глобал технологик компанияларни кенг жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. Ўтган йили ушбу йўналишда 22 миллион доллар грант жалб қилинган. Тизимли ҳамкорлик орқали мазкур кўрсаткични шу йил якунигача 60 миллион долларга, 2030 йилга бориб эса йилига 100 миллион долларга етказиш топширилди.