Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари талабаларига ажратилган мақсадли давлат грантлари учун танловда иштирок этиш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди.
Аризалар 2026 йил 10 октябрдан 17 октябргача (шу куни ҳам) my.uzbmb.uz манзили орқали қабул қилинади.
Танловда хорижий олий таълим ташкилотларининг Ўзбекистондаги филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишларининг кундузги таълим шаклига қабул қилинган, давлат гранти квоталари ажратилган таълим соҳаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этишлари мумкин.
Талабалар тегишли таълим йўналишлари учун белгиланган фанлар мажмуаси бўйича саралаш имтиҳонларида иштирок этади. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.
Жорий йилда давлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида мос фанлар мажмуаси бўйича иштирок этган талабалар ўзлари тўплаган баллари билан ҳам танловда қатнашиши мумкин.
Давлат грантлари белгиланган минимал ўтиш балини тўплаган талабалар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда, ажратилган квоталар доирасида тақсимланади.
Танлов натижасида давлат грантига тавсия этилган талабаларга грант бутун ўқиш даври учун ажратилади. Бунда грант олган талабалар ўқишни тамомлагач, белгиланган тартибда давлат ёки давлат улуши мавжуд ташкилотларда камида 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини олади.













