Афсуски, бундай хайрли ишлар тафти Жиззах вилояти Зафаробод тумани марказидаги 1-мактабгача таълим муассасасигача етиб келмаганга ўхшайди. Ёки ушбу боғча номаълум сабабларга кўра “мутасаддиларнинг” эътиборидан четда қолганмикан...

Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда ота оналар Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани марказида жойлашган 1-сон мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун умуман шароит йўқлиги шу билан биргаликда боғчада иситиш тизими ишламаслигини куйиниб ёзишган. Вазиятни ўрганиш мақсадида Зафаробод туманига йўл олдик.

— Совуқ кунлар бошландими, таълим муассасасидан фарзандимизни эртароқ олишга тўғри келади. Болалар масканида иситиш тизими яхши ишламайди. Фарзандимиз учун уйимиздан электр иситиш мосламаларини олиб келдик. Мана бугун ҳам шу ҳолат. Нима эмиш, газ ҳисоблагич ускунаси бузилибди, уни тузатишга туман газ филиалига олиб кетишибди. Ахир бу ҳолат қачонгача давом этади?! Декабрь ойи ҳам якунланаяпти. Боғча куз-қиш мавсумига тайёргарликни ёз ойларида бошлаш керак эмасмиди?! Ўғлим совуқдан пешобини тутолмай қолди. Мана, киринг, ўз кўзингиз билан кўринг, бундай шароитда фарзандларимиз соғлом бўла оладими? — дейди Эльнар Жўраева.

Ташрифимиз туш вақтига тўғри келганлиги боис болалар ухлашга ётқизилган экан. Болалар ётоқхонасига кўзимиз тушди-ю ҳайратдан қотиб қолдик. Зах ва ўта совуқ хона, бетон пол… Ўн-ўн беш чоғли болалар устки қалин кийимларида ўринларида беозоргина ухлашарди. Кимнингдир кўз қорачиғи бўлган болакайлар шу хонада ухлашади, машғулот ўтказишади ва овқатланишади. Маълум бўлишича ушбу МТМ 1979 йили қуриб фойдаланишга топширилган. Очиғи ушбу масканнинг “таърифини” келтиришга ортиқ сўз топа олмадик... Болалар боғчасидаги аянчли ҳолатни қуйидаги суратлар орқали билиб оласиз.

Наҳот шу йиллар мобайнида ушбу муассаса бирор марта таъмирланмаган? Бу ҳолдан соҳадаги мутасаддиларнинг хабари бормикин? Бундай манзарага томошабин бўлаётган раҳбарлар нималар билан банд экан?