«Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси, фуқаро авиацияси бўйича эксперт Раҳмаджон Собиров Kun.uz сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон авиабозори, ушбу соҳадаги ўзгаришлар ва келажакда қилиниши керак бўлган ишлар хусусида сўз юритди.

- Шу йил ноябрида Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўрнида қайта тузилаётган Uzbekistan Airways олдига авиаташувлар соҳасида минтақавий етакчи даражасига эришиш вазифаси қўйилди. Ушбу вазифани амалга ошириш учун биринчи навбатда нималарга эътибор қаратиш лозим деб ўйлайсиз?

- Uzbekistan Airways авиакомпаниясини келажакда жаҳондаги етакчи компанияга айлантириш учун унга асосни, пойдеворни ҳозирдан қўйиш керак. Тўғри, у бир-икки йил, ҳаттоки беш йилда етакчи мавқега чиқмаслиги мумкин, лекин ҳозирда унинг пойдеворини, тузилмасини худди йирик ва ривожланган авиакомпанияларникидек шакллантириш лозим. Авиакомпанияни қуриладиган уй деб тасаввур қилсак, унинг пойдеворини мустаҳкам қўйишимиз даркор.

Жаҳондаги муваффақиятга эришган, шунингдек, муваффақиятсиз авиакомпанияларнинг тажрибаларини ўрганишимиз керак бўлади. Мамлакатимизнинг географик жойлашувининг устунлик ва камчилик томонларидан келиб чиқиб, етакчи авиакомпаниялар тамойилларини эҳтиёткорлик билан жорий этиш керак.

Бир мисол келтирсам, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпания бўлган пайтда раҳбарлар кўп бўлган. Бош директордан ташқари, кўплаб директор ўринбосарлари бўлган. Бу тузилмани соддалаштириш керак. Бошқа етакчи авиакомпаниялар раҳбарлик тузилмаларини, ҳар бир кишининг вазифаси нималардан иборатлигини, замонавий авиакомпания иши қандай йўлга қўйилганини яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим. Бизга қулай томони, мамлакатимизда авиация соҳасида техник тарафдан етарлича тажриба тўпланган. Биз бу тажрибадан бемалол фойдаланишимиз, муваффақиятли авиакомпаниялар тажрибасини ўрганиб, уларнинг хатоларини такрорламасдан, ижобий жиҳатларини жорий этишимиз мумкин.

Ҳар бир компания, у хоҳ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бўлсин, хоҳ бошқа авиакомпания бўлсин, бугунни ўйламасдан, фақатгина бугунги буйруқларни бажариш учун эмас, келажакни ўйлаб, кейинги 20-30 йилни ҳисобга олиб, ўз фалсафасини яратиши, ўша фалсафани акс эттирувчи стратегиясини тузиши, замонавий, тижорий компания пойдеворини қўйиши керак бўлади. Бундай йўл тутишга энди имконият бўлади деб ўйлайман. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» (Uzbekistan Airways) акционерлик жамияти бўлганидан кейин ўз акционерлари фойдасини ўйлаб иш қилади. Акционерларнинг асосий мақсади бу даромад. Даромадли бўлиш учун эса янгича ҳаракат қилиш керак бўлади.

Жаҳонда бу борада ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Кўплаб етакчи авиакомпаниялар очиқ биржаларда ўз акцияларини сотади. Натижада компаниянинг бутун молиявий ҳолати, ҳисоботларини ўрганиб чиқиш имконияти пайдо бўлади. Хатолар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида акционерлар, биржалар олдида ҳисоботлар берилади, ҳисоботлар таҳлил қилинади. Қанча даромад олинди, қайси самолётлар ва йўналишларда муаммолар мавжуд, буларнинг бари очиқ-ошкора кўрсатилади.