Рақобат қўмитаси ҳаво йўллари орқали ички қатновлардаги йўловчи ташиш чипта нархлари пасайтирилгани ҳақида маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан авиация бозорида ички авиақатновларда йўловчилар учун мавжуд тарифлар, нарх шаклланиши ва хизматлардан фойдаланиш имкониятлари  ўрганилди.

Ўрганишлар давомида Рақобат қўмитаси томонидан авиақатновларни амалга ошириш билан боғлиқ ташиш харажатларини оптималлаштириш имкониятлари таҳлил қилиниб, мазкур харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига ички йўналишларда авиачипталар нархларини пасайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди», дейилади хабарда.

Ушбу таклифлар юқори Инстанциялар томонидан қўллаб-қувватланиб, Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airways АЖ билан ҳамкорликда ички авиақатновлар бўйича тарифлар қайта кўриб чиқилган ва жорий йилнинг 16 октябридан бошлаб ички йўналишларда авиачипталар нархлари ўртача 20 фоизгача арзонлаштирилган.

Мазкур чора-тадбирлар:

  • аҳоли учун авиақатновларни янада қулай ва ҳамёнбоп қилиш;

  • ички туризмни ривожлантириш;

  • ҳудудлар ўртасида ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш;

  • хизмат сафарлари ва шахсий ташрифларни режалаштиришда қўшимча қулайлик яратиш;

  • истеъмолчилар манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

«Рақобат қўмитаси аҳоли манфаатларига дахлдор бозорларни таҳлил қилиш ва ўрганиш ишларини изчил давом эттириб, аниқланган муаммолар бўйича амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратмоқда», дея таъкидланади хабарда.