Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, давлат назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;

тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашмаслик;

тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва унинг давлат томонидан назорат қилиниши билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик, унинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси самарадорлигини оширишни таъминлаш.

Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қуйидагиларга йўналтирилган профилактика чора-тадбирларини амалга оширади:

ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш;

уларнинг фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш;

ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини, уларни келтириб чиқарадиган шарт-шароитларни аниқлаш ва ўрганиш;

ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш;

тадбиркорлик субъектларида жавобгарликка тортилиш хавфини камайтириш.

Профилактик чора-тадбирлар назорат қилувчи органлар томонидан ўзлари тасдиқлаган ҳар чораклик манзилли дастурлар асосида ҳуқуқий ташвиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Профилактик чора-тадбирлар ўтказиш давомида ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик содир этилиши сабабларини ва уни келтириб чиқарган шарт-шароитларни ўрганиб чиқиши шарт.

Профилактик чора-тадбирлар натижаларига кўра назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ёки уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар берилади.

Профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш ва ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

“Хавфни таҳлил қилиш” тизими тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида қонун ҳужжатларини бузиш хавфи даражасини давлат назоратининг тегишли соҳасига оид аниқ мезонлар асосида аниқлаш механизмини назарда тутади.

“Хавфни таҳлил қилиш” тизими тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқага киришмасдан қўлланилади, улар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли назорат органларига ҳисоботлар тақдим этиш ҳоллари бундан мустасно.

Назорат қилувчи органлар фаолиятига “хавфни таҳлил қилиш” тизимини жорий этиш мезонлари ва тартиби назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли орган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда, ўзлари амалга оширадиган назорат хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақида қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида “хавфни таҳлил қилиш” тизими натижалари.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ҳақида қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўла олади:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга оид солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини мунтазам равишда (молия йили давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузиш;

энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ортиқ миқдорда солиқ қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланганда;

устав жамғармасида эллик фоиздан ортиқ давлатнинг улуши бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланганда.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш қуйидагича ташкил этилади:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишилган ҳолда;

ваколатли органни хабардор этиш тартибида.

Ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширишлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома олган мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишига хизмат гувоҳномаси, текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома ва ушбу Қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақидаги талабномаларининг асослилигини кўриб чиқади ва ўрганади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказишга рухсат бериш ёки уни рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарор қабул қилади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;

давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисоботлар юритишни таъминлайди;

назорат қилувчи органларнинг давлат назорати ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти мониторингини олиб боради ва уни баҳолайди;

назорат қилувчи органлар томонидан давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти олиб борилишини таъминлайди.

Ваколатли органнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қарорлари назорат қилувчи органлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.