Иқтисодчи Отабек Бакиров ва солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz’га берган интервюсида ўсимлик ёғини мажбурий рақамли маркировкалаш таклифи, унинг бизнес харажатлари ва истеъмол нархларига эҳтимолий таъсири ҳақида фикр билдирди.

Бакировнинг айтишича, таклифнинг иқтисодий асослари, хусусан, соҳадаги яширин айланма ҳажми ва маркировкадан кутилаётган самара ҳақидаги ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган.

“Бозоримиз қанча? Уларнинг баҳолашларига кўра, қанча контрафакт бор ёки яширин иқтисодиёт мезонларига мос тушадиган ўсимлик ёғи айланмаси, ишлаб чиқариши бор? Бирор маълумот йўқ. Бундан кутиладиган иқтисодий самара ҳам йўқ.

“Бизнесимиз, савдомиз, истеъмолчиларимиз зиммасига шунча харажат юкланади, бундан шунча иқтисодий самара оламиз”, деган ҳисоб-китоблар берилмаган. Бирор товарни маркировкаланадиган товарлар рўйхатига киритишдан олдин мустақил баҳолашлар бўлиши керак”, — деди иқтисодчи.

У ёғ кундалик зарур истеъмол маҳсулоти эканини таъкидлаб, қўшимча харажатларнинг кам даромадли оилаларга таъсирини ҳам олдиндан ҳисоблаш лозимлигини билдирди.

“Тизимдаги муаммолар ҳал бўлмасдан, яна маҳсулот қўшиляпти”

Мурод Муҳаммаджоновга кўра, маркировка қамровини кенгайтиришдан олдин амалдаги тизимнинг ишлаб чиқариш ва логистикадаги муаммоларига ечим топиш зарур.

“Энг аввало, маркировка тизими тўғри ишлаб кетдими ёки йўқми, деган саволга жавоб керак. Ишлаб чиқариш жараёнида қийинчиликлар бор. Лазерда битта хатолик бўлса, бутун линия тўхтайди, уни бошқатдан ишга тушириш керак бўлади.

Логистикада ҳам муаммолар бор. Кодларнинг такрорланиши кузатиляпти: маркировкаланган товар кодини ўқитмоқчи бўлсангиз, у бошқа жойда ишлатилган бўлиб чиқяпти. Тизимнинг ўзидаги муаммолар ечим топмасдан туриб, унга яна қўшимча товар киритиляпти”, — деди солиқ маслаҳатчиси.

Унинг таъкидлашича, техник муаммони бартараф этиш имконияти борлиги билан чекланиб бўлмайди. Бунинг учун бизнес қанча вақт, меҳнат ва маблағ сарфлаётгани ҳам ҳисобланиши керак.

Муҳаммаджонов ўсимлик ёғига нисбатан бундай талаб жорий этилишида айниқса эҳтиёткор бўлиш зарурлигини айтди. Унинг фикрича, қўшимча харажат бизнес зиммасида қолса, корхонанинг ривожланиш имкониятини чеклайди; нархга ўтказилса, аҳолининг харид қобилиятини пасайтиради.