Ўзбекистон | 17:56 / 02.01.2019
20975
2 дақиқада ўқилади

Қарор лойиҳаси: турар жой эгалари ўз уйини сайёҳларга ижарага бериши мумкин

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига қўйилган "Айрим турдаги иншоотларни вақтинчалик яшаш учун бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан «emehmon.uz» ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтган турар-жой эгалари ўз иншоотларини қисқа муддатли ижара шартномасига мувофиқ 30 кунгача муддатга электрон шаклда нотариал тасдиқловсиз ва солиқ органларида қайд этмаган ҳолда ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

30 кунгача, лекин бир йилда 60 кундан ошмаган муддат учун ижарага турар-жой иншоотини тақдим этувчи кишилар ҳеч қандай қайдномасиз тадбиркорлик субъекти сифатида сайёҳларга жойлашув хизматларини кўрсатишлари мумкин.

30 кунгача, аммо йилига 60 кундан ортиқ муддат учун ижарага турар-жой иншоотини тақдим этувчи мулкдорлар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиши ва ижарага тақдим этилаётган турар-жойдан қонунчилик билан белгиланган тартибда жойлашув воситаси сифатида фойдаланиши шарт.

Ижарага берилаётган турар-жой иншоотлари соддалаштирилган тартибда, турар-жой иншоотлари ижараси шартномалари ҳисобга олинган ягона реестрга киритиш йўли билан сертификация қилинади.

Туристик йиғим учун жавобгарлик сайёҳларни қабул қилувчи ва (ёки) турар-жой иншоотига вақтинчалик жойлаштирувчи шахслар зиммасига юкланади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://regulation.gov.uz/uz/document/1197

 

Мавзуга оид