Каттақўрғонда бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан вафот этди
2 январга ўтар кечаси Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани Зарқўрғон маҳалласида яшаган тўрт кишидан иборат оила ис газидан заҳарланиб вафот этди.
UZ24 хабарида айтилишича, оила бошлиғи суюлтирилган газда ишлайдиган, Эронда ишлаб чиқарилган иситиш қурилмаси сотиб олган ва уни ёқиб қўйиб ухлаган. Оқибатда ўзи, хотини ва 15 ёшли қизи, 13 ёшли ўғли вафот этган. 20 ёшли ўғли алоҳида хонада ётгани учун тирик қолган.
Каттақўрғондаги Эронда ишлаб чиқарилган печкалар билан савдо қилувчи дўкон ҳозирда ёпиб қўйилган.
Бу 2019 йилда Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш оқибатидаги илк ўлим ҳолатлари бўлмоқда (ОАВга маълум бўлгани).
2018 йилнинг августида «Ўзтрансгаз» АЖ иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2018 йилнинг 4 ойида (январь-апрель ойларида) ис газидан заҳарланиш оқибатида 54 киши жабрлангани, 58 киши вафот этгани айтилганди (2017 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб 81та ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган ва 83 киши ҳалок бўлиб, 110 киши жабрланган). Аммо 2018 йилнинг октябрига келиб, йил кўрсаткичлари камайиб қолди. Жорий йилнинг 10 ойида ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 киши жароҳатлангани, 35 киши вафот этгани маълум қилинди.
Қайд этиш керакки, Каттақўрғон туманида ўтган йилнинг ноябрь ойида икки марта ис газидан заҳарланиш оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилганди. Аввалига 7 ноябрь куни Каттакўрпа қишлоғида эр-хотин заҳарланиб вафот этган, 11 ноябрь куни «Кумушқирғоқ» маҳалласида бир киши ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмганди.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи охирида Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги бир хонадонда беш нафар қиз бир кечада ис газидан заҳарланиб, вафот этганди.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Тошкентнинг Чилонзор туманида бир оиланинг тўрт фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этган эди. Бу фожиадан кейин зудлик билан ҳукумат комиссияси тузилди. Унинг олдига шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилди. Комиссияга Очилбой Раматов бош қилиб тайинланди.
Мавзуга оид
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
19:16 / 31.10.2024
Бекободда ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди
08:24 / 28.10.2024
Қорақалпоғистонда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди
20:33 / 14.10.2024