«Жисмоний шахсдан дипломатик ўйинларда пиёда сифатида фойдаланилмаслиги керак. Биз унга қўйилган айбловларни кўриб чиқишимиз, унга қарши иш қандайдир асосга эгами ёки йўқлигини аниқлаб олишимиз керак», деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант америкалик собиқ ҳарбий денгизчи Пол Уилан Москвада қўлга олинишига муносабат билдирар экан.
«Биз барчамиз у ва унинг оиласи учун қаттиқ ташвишдамиз», деган вазир Пол Уиланда британ фуқаролиги ҳам борлиги маълум бўлганидан кейин Би-би-си учун берган интервьюсида.
«Биз унга ёрдам кўрсатиш учун мавжуд имкониятларимизни ишга соламиз», дея ишонч билдирган Ҳант. Унинг айтишича, Москвага Уилан бўйича сўров юборилган, аммо ҳозирча жавоб келмаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова «сўров кўриб чиқилиш» жараёнида экани ҳақида айтди.
Нима бўлганди?
2018 йилнинг 31 декабрь куни ФСБ (Россия Федерал хавфсизлик хизмати) америкалик Пол Николас Уилан 28 декабрь куни Москвада «жосуслик билан шуғулланаётган вақтида» қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Гумонланувчи барча айбларни рад этди.
«Росбалт» агентлиги Уилан Россия фуқаросидан давлат сири бўлган махфий маълумотлар ёзилган флэшкани қабул қилаётган вақтида ушлангани ҳақида хабар берди. Аммо бу ҳолат ҳақида расмий маълумот йўқ.
ФСБ сайтида Уиланга нисбатан РФ ЖКнинг 276-моддаси (жосуслик) бўйича жиноий иш очилгани айтилди.
3 январь куни Уилан жойлаштирилган «Лефортово» изоляторига АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Ҳантсман ҳам келди.
Пол Уиланнинг нечта паспорти бор?
Пол Уилан 1970 йилда Оттавада (Канада) британияликлар оиласида туғилган. 70-йиллар бошида унинг оиласи Қўшма Штатларга кўчиб ўтган. Кейинги йилларда Уилан Мичиган штатидаги Нови шаҳрида истиқомат қилиб келган.
Унда Канада паспорти ҳам бўлиши мумкин, аммо унинг акаси Дэвид CBC телеканалида ҳозир Полда Канада паспорти борлигини тасдиқлай олмаслигини айтди.
Кўп ўтмасдан Канада ҳукумати сайтида шундай хабар берилди: «Консуллик ходимларига Канада фуқароси Россияда қўлга олингани маълум. Унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ҳисобга олиниб, қўшимча маълумотлар берилмайди».
Ирландиядаги RTE телеканали эса Пол Уиланда Ирландия паспорти ҳам мавжудлиги ҳақида хабар тарқатди.
















